21 май куни футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати якунига етади. Сўнгги тур ҳамда тақдирлаш маросимига пойтахт Тошкент мезбонлик қилади. Шунингдек, 22 май куни Тошкентда Биринчи лиганинг ҳам охирги тур ўйинлари ўтказилади.
Регламентга кўра, Биринчи лига пешқадами келаси мавсумни Олий лигада ўтказади. Шунингдек, Олий лиганинг 11-поғонасини банд қилган жамоа ҳамда биринчиликнинг иккинчи жамоаси ўртасида ўтиш учрашувлари ўтказилади. Режага кўра, плей-офф бирор жамоанинг ғалабалари сони 2 тага етгунига қадар давом этади. Шундан келиб чиқиб айтиш керак, плей-оффда вазиятдан келиб чиқиб икки ёки уч учрашув ташкил этилади.
Айни вақтда Самарқанднинг “Динамо” жамоаси сўнгги тур натижасига қарамай чемпионатнинг 11-ўрнини ўзиники қилиб бўлган. Қайд этиш керак, “Динамо” Олий лигага йўл олганига эндигина бир мавсум бўлган. Ўтган мавсум плей-офф ўйинида самарқандлик футзалчилар Бухоронинг “Oil-Star” жамоасини таслим этишга муваффақ бўлганди.
“Строител-Зарафшон” жамоаси эса элита билан хайрлашган. Биринчи лигада Олий лига йўлланмасига ким эга чиқиши 22 май куни аниқ бўлади. Айни дамда BMB ва “Oil-Star” жамоалари ўртасида жиддий рақобат кечмоқда.
ЎзПФЛ плей-офф учрашувларини Жиззахда ташкил қилади. Беллашувлар 26-28 май кунлари бўлиб ўтади.