Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ла-Лига, АПЛ ва "А" Серия "Спорт ТВ"да намойиш этилмайдими?

Баҳо:
+ | -

Кеча, Setanta Sport канали Ла-Лига ўйинларини МДҲнинг аксарият давлатларида намойиш этиш бўйича эксклюзив ҳуқуқ сотиб олганлиги ҳақида пресс-релиз эълон қилди. Табиийки, бундай хабарлар ўзбек мухлисини кам ташвишга солади. "Спорт каналимиз бор-ку?!" каби мулоҳазалар билан ушбу масала ҳам у қадар катта эътибор жалб қилмаганини тушунса бўлади. Аммо келинг, ҳаммасини ўз номи билан атайлик.

Setanta Sport канали янги мавсумдан Испания, Италия, Англия шунингдек, Англия кубоги, MLS (АҚШ чемпионати), NHL (Миллий хоккей лигаси) каби мусобақаларни, жумладан, Ўзбекистонда ҳам намойиш қилиш ҳуқуқини сотиб олди. Бу пайтгача, ушбу ҳудудларда ушбу мусобақаларни ёритиш ҳуқуқи ҳеч кимга тегишли бўлмаган. НТВ+Футбол канали Россия Федерацияси ҳудуди учун бундай ҳуқуқни сотиб олганди, холос. Шунинг учун ҳам, трансляцияларнинг бизда намойиш этилиши юзасидан жиддий назорат бўлмаганлигини пайқаса бўлади.

Оддий мисол келтираман.

Шу пайтгача, турли йирик мусобақалар Ўзбекистон ҳудудидаги кафе, барларда, чойхоналарда тижорий мақсадда намойиш қилинарди. Бу фаолият ортиқса назорат қилинмаган, чунки ўша Европа чемпионлар Лигаси ёки миллий чемпионатларни намойиш қилиш ҳуқуқи юртимизда ҳимоя қилинмасди. Ҳатто МТРКнинг ўзи баъзида бунга амал қилмагандан сўнг, оддий кичик барлардан нимани кутиш мумкин?

Лекин бўлажак Европа чемпионатида ёки ўтган Жаҳон чемпионатида кузатилган ҳолатларни эътиборга олайлик. МТРК ушбу мусобақаларни Ўзбекистонда намойиш қилиш ҳуқуқини расман сотиб олди. Ўз-ўзидан, ушбу ҳуқуқ эгаси пайдо бўлди, табиий равишда ушбу ҳуқуқни ҳимоя қилишга эҳтиёж пайдо бўлди. Яъни, энди кафе-барларда Европа Чемпионатини тижорий мақсадларда намойиш этиш фақат МТРК билан махсус шартнома асосида амалга оширилади. Юртимиздаги кафе ва чойхоналарда "Спорт-ТВ" қўйиладими ёки "Россия-2"ми фарқи йўқ, барибир тегишли шартнома ва рухсат талаб этилади. Тушунарли-а?

Кўпинча, миллий чемпионатлар ёки ЕЧЛ каби мусобақаларнинг трансляцияси билан боғлиқ муаммолар ўртага чиқиб, телеканалга эътироз билдирилганда, асосан қўйидаги гапларни эшитамиз — "Чет элда бундай мусобақаларни асосан пуллик каналлар сотиб олади. Жуда қимматга! Агар Спорт-ТВ тўлқин орқали "ўғирлик" қилмаса, фақат сотиб олиш йўли билан намойиш этиш бошланса, трансляциялар ҳажми бир неча баробар тушиб кетади. Биз мухлисларни ўйлаб, шу йўлни тутишга мажбур бўлмоқдамиз".

Бир қараганда, анча ишончли изоҳ. Аммо таёқнинг иккинчи учи бўлганидек, худди шу мантиқни ўша кафе-барлар тилидан айтиб кўрайлик: "Агар мен футбол намойиш этиш учун шартнома имзолайдиган бўлсам, иқтисодий фойда кўра олмайман. Шартномасиз кўрсатишга мажбурман, чунки маҳалламиздаги жуда кўп мухлислар уйларида телевизор яхши кўрсатмаётганлиги учун, мендан илтимос қилишади. Ёки бир қатор рус миллатига мансуб фуқаролар бор. Улар эса, ўйинларни русча шарҳда, яъни Россия-2 орқали томоша қилишни исташади. Мен ўша мухлисларни ўйлаб, ўзим қурган ошхонамда футбол намойишини йўлга қўйдим".

Биз унга ҳам "Сен халқ учун эмас, пул топиш учун шу ишни қиляпсан", дея олмаймиз. Агар шундай деб ҳисоблаган тақдирда "Спорт-ТВ" га ҳам мурожаат қилиб, "Ўзингиз ҳам халқ учун дейсиз. Аммо реклама орқали қандайдир иқтисодий фойда қиласиз-ку" дейишимизга тўғри келади. Ўша реклама харажатларни кўтармайдими? Худди шу шаклда, ўша бар эгасининг ҳам намойиш учун кетган майда харажатлари даромаддан ошиқ чиқар? Буни ҳеч ким ҳисобламаяпти-ку, тўғрими?

Мавзудан бироз четга чиқдим. Аслида мен фақат бир жиҳатни тушунтирмоқчи эдим. Яъни маълум мусобақани Ўзбекистонда намойиш этиш ҳуқуқи кимдадир пайдо бўлдими, демак, ўша субъект томонидан бу ҳуқуқнинг ҳимоя қилиниши нормал жараён. "Спорт-ТВ" трансляция ҳуқуқини сотиб олди, демак шу йўналишда ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилади ва тўғри қилади. Худди шу шаклда, Setanta Sport телеканали бизнинг ҳудудда санаб ўтилган мусобақаларни намойиш этиш ҳуқуқини сотиб олдими, демак, ҳудудимиздаги намойиш учун ҳам қандайдир ҳуқуқ пайдо бўлди. Илгари бундай ҳуқуқнинг ўзи бўлмаган. Ўз ўзидан Setanta Sport бу ҳуқуқни ўз ҳолича ҳимоя қилади. Бу аниқ. Мисол учун, катта шаҳарлардаги кабел тармоқларидан НТВ+Футбол, Спорт-1 каналларини олдиртириб ташлаши мумкин. Чунки ҳаққи бор.

Ўзбекистонда эса Италия, Испания, Англия чемпионатларини тижорий мақсадда намойиш этиш билан МТРК шуғулланади. Ҳа, тижорий. Бу оламда "халқ учун", "мухлислар учун" қабилидаги изоҳларни ҳеч ким эшитмайди. Гўёки ўша бар эгасининг гапидек.

Бу ерда битта жиҳат бор — ушбу канал ҳозирча ҳудудимизда эфирга чиққани йўқ. Аммо бу ҳуқуқ сотиб олиндими, демак, сунъий йўлдош тўлқинлари ёки кабель тармоқлари орқали ушбу канал ҳам эфир олишга ҳаракат қилади ва олади ҳам. Энди бу ҳолатда "Спорт-ТВ" юқорида санаб ўтилган мусобақаларни намойиш этиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Агар халқ учун, мухлислар учун (сабаби, Setanta Sport асосан рус тилида) ўйинларни намойиш қилишни истаса, ўша телеканал билан қандайдир келишувга, шартномага эга бўлиши ва маълум миқдордаги маблағни тўлаши лозим. Худди ўша кичик бар эгаси каби...

Қаҳрамон АСЛАНОВ.

Манба: stadion.uz

Ривожланишлар доим ҳам инсонга комфортни тақдим этмайди. Аксинча, баъзан ривожланиш туфайли, аввалдан сизда мавжуд бўлган комфорт учун, энди пул тўлашни бошлашингиз мумкин. 

Киритилди: 14:56, 17.05.2012.
Ўқилди: 15508 марта.
Фикрлар: 31 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.