Англия Премьер-лигаси мавсум-2021/22дан бошлаб янги 2та соврин жорий қилишга қарор қилди. Уларнинг биттаси ўйинчига топширилса, иккинчиси жамоага тақдим этилади.
Биринчи соврин энг кучли зарба орқали гол урган футболчига берилади. Бунда зарба берилган вақтдан бошлаб тўп дарвозага киргунга қадар бўлган вақтда тўпнинг ўртача тезлиги ҳисобга олинади. Бундай голларга жарима майдончаси ташқарисидан урилган ва рекошетга учрамаган голлар номзод сифатида саралаб олинади.
Иккинчи соврин эса энг ақл бовар қилмас камбекни амалга оширган жамоага берилади. Бунда "Stats Perform" томонидан ишлаб чиқилган ғалаба қозониш эҳтимолини ҳисоблайдиган дастурга таянилади. Дастур эса кўп омилларни инобатга олади, хусусан, жамоанинг уй ёки сафардаги ўйини, жорий ҳисоб, белгиланган пенальти, майдондаги ўйинчиларнинг ҳолати, қизил карточкалар ва ўйин якунланишигача қолган вақт ва ҳоказо.
Учрашув давомида ғалаба қозониш эҳтимоли ўта паст бўла туриб зафар қучган клубга иккинчи соврин топширилади.