Хабарингиз бор, Наманган вилояти жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтадиган Осиё кубогининг саралаш босқичи ўйинларига мезбонлик қилади. Мазкур мусобақага тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш борасидаги ишлар давом этмоқда.
Бугун ЎФА ташкилий қўмитаси аъзолари ўйинлар ва машғулотлар бўлиб ўтадиган ҳудудлар ҳамда у ердаги мавжуд шароитларни ўрганиш, уларни ОФК стандартига мос келишини таъминлаш бўйича ишлар билан танишиш мақсадида Наманган вилоятига ташриф буюрди. Кун тартибига кўра, дастлаб ўйингоҳларнинг тиббиёт ва анти-допинг хоналарини халқаро талабларга мувофиқ жиҳозлаш, зарур тиббий ускуналар ва керакли дори-дармонлар ҳамда тез тиббий ёрдам транспорт воситалари билан таъминлаш, шу билан бирга, жамоаларга юқори савияда тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш мақсадида Республика шошилинч тез ёрдам илмий-амалий маркази Наманган вилояти мутасаддилари билан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Куннинг иккинчи қисмида эса стадионлардаги шароитлар ўрганилди. Ҳакамлар ва жамоалар хоналари кўздан кечирилди. Бундан ташқари, «Тўрақўрғон», «Тошбулоқ», Уйчи, «Динамо» ҳамда «Навбаҳор» захира майдонлари бориб кўрилди. Масъулларга майдон майсасини парваришлаш, суғориш тизими такомиллаштириш, машғулот майдонларини ёритиш тизимларини 500 (марказий ўйингоҳ 1 800) люкс даражага ошириш ҳамда ўйингоҳ ҳудудини ободонлаштириш юзасидан керакли топшириқлар берилди.
Ўрганиш жараёнида Наманган шаҳридаги «Динамо» ва «Навбаҳор» захира ўйингоҳлари талаб даражасига келтирилганлиги, «Тошбулоқ» ва «Уйчи» ўйингоҳлари эса жорий йилнинг 25 май санасига қадар, Тўрақўрғон туманидаги ҳамда «Навбаҳор» марказий ўйингоҳини 1 июнга қадар белгиланган стандартга келтириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Қайд этиш жоиз, Наманган вилояти бўйича ЎФА ташкилий қўмитаси аъзолари 25 майда Наманган шаҳрига қайта ташриф буюриб, тайёргарлик жараёни юзасидан якуний хулосани қабул қиладилар.