2021-2022 йилги мавсумнинг катта қисмини таҳлил қилганда, бу маълумотларни «Барселона» мухлислари ўқишни истамаслиги мумкин. Негаки, аввалбошдан клуб учун ҳаммаси оғир бўла борди. Клубга алоқадор барчанинг ҳафсаласи пир бўлган, ўртада эса ягона савол қолганди: «Барселона» қанчалик тубга ғарқ бўлади? Аммо жамоа қайта олди. Улар мавсумни 2 ўринда якунлади. Ортда қолган мавсум «Барселона» учун қўрқинчли туш бўлиш билан бир қаторда, умидбахш ва ўзгаришларга бой даврга айланди. Қуйида сиз билан жамоанинг айрим индивидлари ҳақида гаплашамиз.
Мавсум ўйинчиси – Рональд Араухо
Жерар Пикенинг даври ўтиб қолганини сезган клуб, ҳимоя борасида ташвишлана бошлаганди. Аммо катта майдонда Араухо пайдо бўлди. 23 ёшли ҳимоячи мутлақо фантастик мавсум ўтказди. Уругвай терма жамоаси аъзоси «Барселона» юлдузига айланиб олди ва жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди.
Мавсум голи: Жорди Альба («Атлетико»га қарши)
Альбанинг ўзи балки бу голини энг яхшиси деб атамаган бўларди. Аммо голнинг ўзига хослиги ва муҳимлик даражасини ҳисобга олган ҳолда, айнан «Атлетико» дарвозасига урилган голни энг яхшиси деб топдик.
Альба қанотдан югуриб келади. Ўзига узатилган тўпни дарвозанинг яқин бурчагига тўхтатмасдан тепиш ўрнига, тўпни қарама-қарши бурчакнинг юқорисига йўллайди. Якунда эса «Барселона» «Атлетико» устидан 4-2 ҳисобида ғалабага эришади.
Мавсум ўйини – «Реал Мадрид»га қарши
«Барселона» «Сантиагу Бернабеу»га ташриф буюради. У ерда 4 та жавобсиз гол уради. Менимча, бундан яхшироқ сценарийни ҳатто клубнинг энг ашаддий мухлислари ҳам топиб бера олмайди. Ҳа, ўшанда «Реал» томонидан ҳам катта хатоларга йўл қўйилганди. Айниқса, рақибга мослашиш ва тактика танлаш борасида. Шу сабабдан мухлислар ушбу баҳснинг ҳар бир таймида иккитадан гол кўришди. Аммо бир томоннинг дарвозасига. Ўйиндан кейин эса «Барселона» уйғонганига гувоҳ бўлгандик.
Мавсум трансфери – Обамеянг
Мавсум аввалида Серхио Агуэро бир дунё умидлар билан «Ноу Камп»га олиб келинади. Аммо ҳужумчининг юраги билан боғлиқ муаммолар, уни фаолиятини якунлашга мажбур қилганди. Шундан кейин клуб раҳбарияти қишда ҳам ҳужумчи излашга мажбур бўлди ва уни топди. АПЛдан Обамеянг текинга олиб келинди. У «Арсенал»да анча «занглаб қолганди». Бироқ габонлик ҳужумчи Каталонияда очилиб кетди. Обамеянг 17 та баҳсда 11 та голга муаллифлик қилди. Энг қизиғи, ҳеч ким ундан бу каби даражани кутмаганди. Бугун эса Обамеянгни ҳамма гапирмоқда...
Мавсум кашфиёти – Гави
Бу категорияни Гавига бериш адолатдан бўларди. Мавсумни таниқсиз ҳолда бошлаб, кўп ўтмай, сайёрадаги энг ажойиб ёш футболчига айланиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. 17 ёшли ярим ҳимоячи Рональд Куман қўл-остида дебют қилганди. Кейинчалик асосий таркиб вакилига айланиб олди. Гави терма жамоанинг бир бўлаги саналади. Бугун Испаниянинг ўйинлари усиз ўтмаяпти. Бугун Европанинг исталган топ-жамоаси Гавига қизиқиш билан қарамоқда. Аммо Хави уни қўйиб юбормайди. Чунки Гави яқин келажакда сайқаллана бориб, «Барселона»нинг янги Мессисига айланиши мумкин.
Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси