Лондоннинг "Челси" клуби хўжайини Роман Абрамовичнинг ўз жамоасида қилиши мумкин бўлган ўзгаришларидан яна бири — клуб таркибида тўп сурган собиқ футболчи Андрей Шевченкони клубга бош мураббий сифатида олиб келиш эканлиги хусусида DailyMail хабар бермоқда.
"Челси" сафида тўп сурган Шевченко футболдан кетишга қарор қилса, Абрамович уни клубга олиб келиш истаги борлигини айтган. Киев "Динамо"сининг 35 ёшли аъзоси кейинги вақтларда бир неча бор "Челси" машғулотларини бевосита майдондан кузатиб борганини ва ҳозирда жароҳат олиб майдонга тушмаётганини эътиборга олсак, яқин кунларда Шевченкони "Челси" клубида бош мураббий сифатида кўришимиз ҳам ҳеч гап эмас.
Бундан ташқари, 2006 йилда "Милан"дан "Челси"га ўтиб 48 ўйинда 9 гол уришга муваффақ бўлган ҳужумчи клуб хўжайини билан яқин дўст ҳисобланади. Украиналик футболчининг 2009 йилда Лондонда Вентворсдан сотиб олган ҳовлиси бор ва Европа чемпионатидан сўнг футболдан кетиш ҳақидаги қарорини ўйлаб кўриши ҳақида ҳам таъкидлаб ўтганлиги тахминларимизни ҳақиқатга айланишига кўмаклашмоқда.