Италия пойтахти Рим шаҳрида таэквондо бўйича йилнинг биринчи Гран-при турнири ўз якунига етди. Аҳамиятлиси, ушбу мусобақада терма жамоамиз вакили Шуҳрат Салаев совриндор бўлди.
-80 кг вазн тоифасида иштирок этган юртдошимиз дастлаб иорданиялик Фахед Сбейҳини, иккинчи босқичда Токио-2020 совриндори хорватиялик Тони Канаетни, чорак финалда эса испаниялик Даниэль Баррерани доғда қолдирди.
Финал йўлида юртдошимизга Токио-2020 Олимпиадасининг бошқа бир совриндори мисрлик Сейф Эйсса рақиблик қилди. Биринчи бўлимни Салаев ўз фойдасига ҳал қилган бўлса ҳам, кейинги раундларда тажрибали рақиб устунликни ўз томонига оғдириб олди.
Шу тариқа, Шуҳрат Салаев бронза медалига сазовор бўлди. Қайд этиш жоиз, бу Шуҳрат учун Гран-при таснифидаги мусобақаларда қўлга киритилган биринчи медаль. Афсуски, ушбу вазнда қатнашган икки карра ЖЧ финалчиси Никита Рафалович медаллар учун курашни эрта тарк этди.