Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати май ойининг энг яхши мураббий ва футболчиси учун оммавий ахборот воситалари овозини қабул қилиш бошланганини маълум қилади.
Май ойининг энг яхши футболчи ва мураббийига овоз бериш жараёнида иштирок этишни истаган оммавий ахборот воситалари 5 июнга қадар ўз овозларини media@the-uff.com интернет почта манзилига юборишлари керак. Бунинг учун ОАВ ўз ҳодимлари иштирокида ички сўровнома ўтказиб, якуний натижани ЎФФга тақдим этади.
ЎФФ ўтказаётган мазкур сўровномада алоҳида журналистлар иштирок эта олишмайди. media@the-uff.com интернет почта манзилига юборилган овозлар ОАВнинг расмий бланкасида, муҳаррир имзоси ва муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак. Дастлабки 3та ўрин тўлиқ кўрсатилмаган овозлар қабул қилинмайди.
P.S. ЖЧ-2014 IV саралаш босқичи учун журналистларни аккредитациядан ўтказиш жараёнида 200га яқин ОАВ ҳодимлари ариза билан мурожаат қилишди. Айрим футбол нашрлари аккредитация сўраб, мазкур нашрда фаолият олиб бормайдиган кишилар номини ҳам қайд этгани ЎФФ матбуот хизмати вакилларига яхши маълум. Бир ҳил фамилиядаги бир қатор кишилар номининг кўрсатилиши Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизматини шубҳалантиргани рост гап.
Бироқ аккредитация учун астойдил ҳаракат қилаётган ОАВнинг ЎФФ сўровномаларида суст ҳаракат қилаётганлари ачинарли ҳолдир. Мавсум сўнггида анъанавий ўтказиб келинадиган йил ўйинчиси ва мураббийини аниқлашда ҳам айрим нашрлар ҳаддан ташқари «фаоллик» кўрсатишади. Бу каби ҳолатлар мазкур нашрларнинг фидоийлигини эмас, балки, овоз бериш жараёнини сунъийлаштиришга уринишлари ва ўз манфаатлари йўлида фаоллашиб қолишларини кўрсатиб турибди. Ўзбекистон футбол федерацияси мамлакатда футбол ривожи йўлида тиниб билмай ҳаракат қилаётган ОАВ ва спорт журналистларининг барчасини хурмат қилади. Футбол ривожи бевосита улар билан боғлиқ экани сир эмас. Умид қиламизки, ОАВ ва спорт журналистларининг Ўзбекистон футбол федерацияси билан илиқ муносабати ва ҳамкорлиги давом этади. Зеро бу соҳадаги 2-3 нафар кишиларнинг ғалати ҳатти-ҳаракатлари хурматга лойиқ бўлган қолган журналистлар юзига ҳам доғ бўлиб тушмаслиги лозим.