Футбол агенти Юрий Белоус «Қайрат» клуби ва U-23 Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Жасурбек Жалолиддинов истиқболи ҳақида фикр юритди.
"Агар Жасур фақат ўз иқтидори билан қаноатланиб қолмасдан, ҳаракатни давом эттирса, унинг истиқболи бор. Чунки у RPLда ишлаш ўрнига Ўзбекистонга қайтди, кейин «Қайрат»га кўчиб ўтди ва у ерда асосий таркибда майдонга тушмади. Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига ёрдам бераётгани яхши.
Унинг нима учун Россияда муваффақият қозона олмаганига бир қанча сабаблар бор. Бир томондан, Жасур «Локомотив»га умуман тайёргарликсиз келган, қолаверса, «темирйўлчилар» сафида тажрибалилар етарли эди ва у Николич («Локомотив»нинг собиқ бош мураббийи) қўл остида машғулотларда тўп олиб келувчи бўлиб қолишига оз қолган. Улар Жалолиддиновга умуман ишонч билдирмаган. «Тамбов» қуйи лигага тушиб кетмаслик учун ҳаракат қилаётганди ва у ерда фақат Кубок ўйинида ҳаракат қилиш мумкин эди. У ёш йигит, агар кўпроқ машқ қилиб, камроқ симуляция қилса, яхши истиқболга эга бўлиши мумкин.
Жасур Россияга қайтиши мумкинми? Нега энди йўқ? Аммо у 18 ёшида Осиёдан чиққан ажойиб иқтидор сифатида «Локомотив»га кўчиб ўтганида барчаси аянчли якун топганди. У ўз иқтидорини намойиш эта олмади ва бунда Жасурнинг ўзи айбдор. Ўзбекистон билан бу ернинг фарқи бор. Келгандан кейин индамай ишлаш керак.
Жалолиддинов 18 ёшида Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаган, ҳозир эса йўқ. Агар ғарб жамоалари уни таклиф қилса, бу вариантни ҳам синаб кўриш мумкин, бироқ ҳозирча бундай таклиф кўрмаяпман. Шомуродов Италияда жисмоний жиҳатдан анча яхши кўринади, Жасурга эса у ерда қийин бўлади. Лекин барчаси унга боғлиқ эмас", — деди Юрий Белоус.
Белоус 2020 йил июль ойида ўзбекистонлик футболчининг «Бунёдкор»дан Москванинг «Локомотив» жамоасига ўтишига ҳисса қўшганди. «Темирйўлчилар» билан 5 йиллик шартнома имзоланган эди. Жалолиддинов «Локомотив» сафида бирорта ҳам ўйин ўтказмади ва 2021 йил январь ойида москваликлар футболчи билан шартнома бекор қилинганини эълон қилди. Шундан сўнг Жасур «Андижон» клуби билан шартнома имзолаган. Кейинчалик Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси Жалолиддиновни ўз сафига қўшиб олган эди. 2022 йил февраль ойида футболчи Қозоғистоннинг «Қайрат» жамоасига ижарага бериб юборилди.