Ўзбекистонлик яккакурашчи Заррух Адашев UFC билан шартномаси бекор қилинганини маълум бўлди. Бу ҳақда спортчи ўзининг Instagram саҳифаси орқали маълум қилди.
"UFC билан шартномани бекор қилдик ва хайрлашдик. Биринчи жанг учун шартнома имзолаганимдан кейиноқ ҳаммаси тескарисига кетди. Ҳаммангиз кўргансизлар буни.
Соғлиқни жойига келтириб, йилнинг охирида жангларга қайтамиз. Ва яна UFC билан шартнома имзолаймиз ҳамда сизларни хурсанд қилишга яна ҳаракат қиламиз. Ҳаммага катта раҳмат", — дея ёзди Заррух Адашев
Адашев UFC’да 4 та жанг ўтказган. Промоушендаги илк жангида 32 сония ичида нокаутга учраб, Тайсон Немга мағлуб бўлган. Иккинчи жангида Су Мудаэржига очколар эвазига ютқазганди. Учинчи жангида Заррухга америкалик Райан Бенуа рақиблик қилган ва ўзбекистонлик спортчи ғалаба қозонган. Тўртинчи жангида эса ямайкалик Оде Осборнга қарши октагонга кўтарилиб, 1-раунддаёқ нокаутга учради.
Маълумот учун, Заррух UFC’га қадар Bellator промоушени байроғи остидаги мусобақаларда қатнашган. Самарқандлик спортчи MMA’га қадар кикбоксинг билан профессионал тарзда шуғулланган.