2016-2017 йилги мавсумдан бошлаб дунё футбол аҳли Килиан Мбаппе Лоттин исмли ёш ва иқтидорли футболчи номини таний бошлади. У "Монако" сафида ҳаракат қиларди. Табиий қобилияти ҳамда ўта кучли тезлиги ҳужумчининг катта ютуқлари эди. Аммо Мбаппе бу қобилиятларига яна бир нечта керакли жиҳатларни қўша олди. Бу эса уни етук ҳужумчига айлантирди. Ўша мавсумда Мбаппе ЕЧЛда рақиблар учун катта хавфга айланди. Хусусан, нимчорак финалда "Манчестер Сити"дек жамоага ҳар икки даврда гол уришга эришди. Ўша ўйин якуни умумий 6-6 билан якун топган. "Монако" эса меҳмондаги голлари ҳисобига кейинги босқичга йўл олади. Мбаппе бунда катта ишни бажарган. Кўп ўтмай, у катта-катта клублар назарига туша бошлади.
2021 йил ҳужумчи фаолиятидаги энг сермаҳсул давр бўлди. Мбаппе йил давомида жами 67 та ўйинда иштирок этиб, 51 та голга муаллифлик қилади. Унинг 51 та урган голи, Европада иккинчи энг яхши натижа эди. Бу борада фақат Левандовскигина Мбаппедан яхши натижага эришган (69 та). Француз футболчиси ўша пайтда 22 та ассистга ҳам муаллифлик қилади. Шу орқали унинг голларда бевосита иштирок этиш кўрсаткичи 73 тага етади. Бу эса ҳар бир ўйинда Мбаппе 1,09 та голда иштирок этганини англатади. 2021 йил Мбаппени бошқа даражага олиб чиққани билан ҳам ажралиб туради. Франция терма жамоаси аъзоси "ПСЖ"га ўтгач, мутлақо бошқа даражага кўтарилади.
Бугун 23 ёшда бўлган Мбаппе кўплаб натижалари билан рекордларни янгилашга муваффақ бўлди. Футболчининг кейинги манзили "Реал Мадрид" бўлиши мумкин эди. Бироқ, Париж клуби уни ўз жамоасида қолишга ва келажагини ўша ерда қуришга кўндира олди.
Мбаппенинг илк ярқираши 2016 йилда, U-19 Европа чемпионатида рўй беради. Ўшандаёқ, Мбаппе оддий футболчи эмаслигини, келажакда уни катта зафарлар кутиши мумкинлигини намоён қила олган. "ПСЖ" футболчиси бугунги имкониятлари билан бир эмас, бир нечта "Олтин тўп"ни ютса бўлади.
Килиан 22 ёш эканида ЕЧЛ мусобақасида фантастик натижаларга эриша бошлаган. Хусусан, ўша ёшда бу кўрсаткични Самюэль Это'о, Кака ҳамда Уэйн Рунилар ҳам қайд эта олмаган. У шунингдек, 21 ёшидаёқ ЕЧЛ финалчисига айланади. Аммо финалда "Бавария"га имкониятни бой беради. Шундай бўлсада, Мбаппе учун ҳали ҳаммаси олдинда. У 2016-17 йилги мавсумдаги дебютидан буён айни дамга қадар Европдаги клублар ўртасида энг нуфузли мусобақа саналган турнирда жами 54 та голда иштирок этди. Уларнинг 31 таси гол, 23 таси ассистдир (51 та учрашувда). Ҳа, юқоридаги маълумотлар сизга абсурд бўлиб туюлиши мумкиндир. Аммо бу факт!
Килиан Мбаппе Франциянинг ички чемпионатида ҳам ҳақиқий йиртқич инстинктини кўрсатиб келмоқда. У "ПСЖ" сафида 124 та ўйинда майдонга тушиб, 100 та гол уришга эришди. У 100 та голлик натижага эришган энг ёш футболчи ҳам бўлган эди (22 ёш-у, 357 кун).
Мбаппе фаолияти рақамларда:
- Жаҳон чемпионатида гол урган энг ёш футболчи (1958 йилдан бери)
- 2018 йилги ЖЧ ғолиби
- ЖЧнинг энг яхши ёш футболчиси
- 2017 йилги "Golden Boy" соҳиби
- 2 карра Жаҳоннинг рамзий терма жамоасига кирган
- 4 карра Франция чемпиони
- 3 марта Франция чемпионатининг энг яхши футболчиси
- 2 марта Францияда Йил футболчиси
- 1 карра Франция кубоги соҳиби
- Европа Миллатлар лигаси бош соврини.
Юқоридаги статистикаларнинг бари Мбаппе даҳоси ҳақида сўзлайди. Бизда эса уни мақташ учун ортиқча сўз қолмади ҳисоб.
Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси