Карикатура (итальянча caricare — „ошириш“, „урғу бериш“) деб сатирик ёки ҳажвий тасвирий санъатга айтилади. Сатирик карикатурада ижтимоий, сиёсий ва бошқа муаммолар фош этилади, коррупцияга берилганлар танқид қилинади. Ҳажвий карикатура эса бирор кимсани танқид қилмай, шунчаки кундалик мавзуларни кулгили ёритади.
Карикатура қадимдан чизиб келинади. Сиёсий карикатуралар Қадимги Римда ҳам тарқалган эди. Ўзбекистонда карикатура мактаби “Муштум” журнали ва кейинчалик унга ҳамроҳ “Афанди” газетаси фаолияти билан боғланган. Ўзбек карикатурачилар сафига Тельман Муҳамедов, Алижон Холиқов, Наримон Иброҳимов, Эмиль Рўзибоев, Суръат Салоҳитдинов, Ҳусан Содиқов, Жавлон Назаров ва бошқалар киришади.
Бугунги кунда спорт соҳасида ҳам карикатура чизиш жуда ҳам оммалашиб бормоқда. Футбол мухлислари эса Омар Мўманийни бугунги кундаги энг машҳур ва объектив футбол карикатурачиларидан бири, деб ҳисоблашади. Иорданиялик ижодкор Goal.com сайтида ўз ижод наъмуналарини эълон қилиб келади.
Бундан ташқари, у бошқа бир қанча лойиҳалар билан шуғулланади: сиёсатчиларни ёки шунчаки ҳазил-мутойибаларни чизади, у ўзининг биринчи қисқа метражли анимацион фильмининг продюсери, интернетда автобиографик комиксни нашр этишни режалаштирмоқда. Футбол юлдузлари унинг “ҳазиллари”га ижобий муносабатда бўлишади.
Рассом ўзини “Милан” жамоасининг доимий мухлиси деб билади. Болалигидаги севимли футболчиси эса Роберто Баджо. Бугун эса у Мессини энг зўри, деб ҳисоблайди.
Унинг иш услуби 30 йилларнинг классик карикатура чизмаси таъсирида шаклланган. Бундан ташқари, карикатура рассоми Питер Баггенинг асарлари уни илҳомлантиради.
Goal.com асосан Англия ва Испания чемпионатларида бўлиб ўтаётган воқеаларни чизиш учун топшириқ беради: биринчиси Европадаги энг оммабоп чемпионатлардан бири ҳисобланади, иккинчисининг иштирокчилари эса “Барселона” ва “Реал Мадрид” бўлиб, уларда талаб юқори бўлган футболчилар тўп тепади.
Рассомнинг сўзларига кўра, статик тасвир анимацияга қараганда камроқ маънони етказиш қобилиятига эга. Яқинда у футбол мавзусидаги мультфильмларни ўз ичига олган YouTube каналини очди. Рассом ушбу йўналишни ҳам ривожлантиришни режалаштирмоқда.
Энди Омар Мўманий ҳаракат ва фантазия чекланмайдиган тўлиқ ҳажмдаги мультсериал яратиш устида бош қотирмоқда ва бунинг учун ҳомий изламоқда.