Марко Асенсио Миллатлар лигаси 3-тур доирасидаги Швецияга қарши ўйиндан икки кун олдин журналистлар саволларига жавоб бераркан, «Реал»даги келажаги борасида ҳам гапирди.
- Ҳаракатларингизда барқарорлик йўқлиги мунтазам ўйин вақти камлиги билан боғлиқми?
- Келгуси бир неча йил ичида менга керак бўлган нарса - бу барқарорлик. Ўзимга ишонч ва мунтазам ўйин амалиёти мен учун муҳим. «Реал»даги мавсумим давомида улар менда бор эди. Айнан шу нарса керак.
- Луис Энрикенинг айтишича, терма жамоага чақирилганингиздан ҳайратда қолибсиз.
- Мен доим Испания терма жамоасида ўйнашга қодирман, деб ўйлаганман ва бу ерда эканлигимдан хурсандман. Муҳит яхши, атрофда дўстларимнинг борлиги ҳузур бағишлайди. Шу билан бирга, энг юқори даражада ишлашим керак.
- Испания футбол федерацияси атрофидаги шов-шув сизга таъсир қиладими?
- Ташқи суҳбатлар ҳақида ҳеч нарса билмайман. Охирги пайтларда севган қизимнинг қўлини сўрашга тайёргарлик кўриш билан бандман. Демак, мавзудан бироз четдаман. Натижа бўлиши учун асосий эътиборимни терма жамоадаги вазифаларга қаратаман.
— 24та ўйинда 12та гол урдингиз. Сизнингча, «Реал»да кўпроқ ўйин вақтига эга бўла оласизми? Келажагингиз қачон маълум бўлади?
- Айни пайт бор эътиборимни терма жамоага қаратганман, босқич якунлангач, гаплашамиз.
- Мадридликлар шартномангизни узайтирадими ёки ҳеч вақосиз қолмаслик учун сизни сотадими?
- Аслида учинчи вариант ҳам бор: жамоада қолиб, шартнома бўйича йилни тугатиб қўйишим мумкин...
- Сизга кимнинг методикаси кўпроқ ёқади: Карло Анчелоттими ёки Луис Энрике?
- Иккаласи ҳам ёқади. Карло тажрибали, доно одам. Луис Энрике - жуда яхши мураббий, у кўп нарсага эришди, ўйинчиларга энергия узатишни билади.
- Жезус ва Гнабри исмлари «Реал» билан боғланаётгани сизни безовта қиляптими?
- Ахир миш-мишлар футболнинг бир қисми. Биз аллақачон ўрганиб қолганмиз.
МУҲАММАДХОН тайёрлади