"Барселона" учун энди Де Йонг кераксиздек кўринмоқда. Френкини собиқ мураббийи Англияга таклиф қилмоқда. Хўш, Френкини бунга ишонтириш мумкинми?
Де Йонг эндигина "Аякс"дан "Барселона"га ўтганида, бу келишув жиддий ва узоқ давом этадигандек кўринди. Ушбу трансфергача ёш голландиялик амстердамликлар сафида ўз ўрнини эгаллаб, жамоа ўйинини қуришда ҳал қилувчи рол ўйнаганди.
"Аякс" 2018/2019 йилги мавсумни ниҳоятда муваффақиятли ўтказди - "Реал Мадрид" Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичидан чиқариб юборилди, кейин эса "Ювентус" тўхтатиб қолинди, лекин финалга бир қадам қолганда жамоа таслим бўлишга мажбур бўлди. ("Тоттенхэм"га учралган мағлубият).
"Аякс" футболчиларининг номлари кўпчиликка маълум эди, шу боис бу каталонияликлар имиджига мувофиқ келди.
Уч мавсум давомида де Йонг "Барселона"га кўникиб қолди: у мунтазам равишда Испания чемпионати ўйинларида майдонга тушди (98 ўйин), 8 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди. Бунинг фонида эса, тўсатдан бошқа клубларга мумкин бўлган трансфер ҳақида миш-мишлар пайдо бўла бошлади.
"Манчестер Юнайтед" 85 миллион евро беришга тайёр эканлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Унга кўра, биринчи инсайдерлар апрель ойида пайдо бўлди - Catalunya Ràdio хабарига кўра, "Манчестер Юнайтед"нинг янги бош мураббийи Эрик тен Хаг 25 ёшли ярим ҳимоячи билан қайта ишлашни истамоқда. Унинг қўл остида де Йонг "Аякс"да муваффақиятли ўйнаганди. Қайд этилишича, «манкунианликлар» раҳбарияти «кўк-анорранглилар»га тахминан 70 миллион евро товон пули тўлашга тайёр. Оммавий ахборот воситаларида чиққан битим миқдори эса аста-секин ўсиб борди ва охир-оқибат 85 миллионга бориб тақалди.
"Юнайтед" учун де Йонгни сотиб олиш варианти истиқболли кўринмоқда. Ярим ҳимоячи "Барселона"да ўйнаш мисолида янги чемпионат воқелигига мослаша олишини кўрсатди. Қолаверса, Тен Хаг голландиялик ярим ҳимоячининг кучли томонларини билади, унинг атрофида ўйин қуриш айни пайтда мутахассиснинг бош мақсадларидан бирига айланган. Де Йонгга шунингдек, "Аякс"даги собиқ шериги Донни ван де Бек ҳам мослашиб олишига ёрдам беради.
Ушбу трансфер Поль Погбанинг ўрнини қоплаши мумкин. Унинг кетиши билан жамоадаги микроиқлим яхшиланиши керак - француз футболчиси "Юнайтед"да ўйнаб юрган вақтида унинг кетиш истаги, кейин қолиш нияти, кейин эса маошидан норозилиги ҳақида миш-мишлар тарқалиб турарди. Бу эса табиийки, клуб ички муҳитини бузгани рост. Агар Погба билан хайрлашиш вариантининг ўзи жамоа муҳитига ижобий таъсир кўрсатса, де Йонг албатта, йўқолган балансни тенглаштиради.
"Барселона"га айни дамда пул жуда зарур.
Френки де Йонгни сотиш имконияти ҳақидаги илк хабарларга қайтсак, музокаралар чоғида "Барселона" вакилларининг ўзлари Европа клубларига футболчи хизматини таклиф қилишган. "Барса" президенти Жоан Лапорта ўтган ёзда айтганидек, Каталония жамоасининг молиявий муаммолари ҳал бўлмади. Шу сабабли мажбурий трансферлар зарур.
«Тахминан 200 миллион евро йўқотишни кутган эдик, аммо биз рекорд даражадаги 487 миллион евро сари интиляпмиз. Бу эса жуда ёмон. Ҳомийлар билан янада яхшироқ ишлашимиз керак. Ҳатто агент бўлмаган воситачилар учун ҳам керак бўлмаган суммалар тўлангани айтилди. Бу бизга 40 миллион еврога тушди», — дейди Лапорта.
Ўтган мавсум якунланишига бироз вақт қолганида "кўк-анорранглилар"лар бош мураббийи Хави қуйидаги гапларни таъкидлаган эди:
Мен де Йонгни жуда муҳим футболчи деб биламан. У деярли ҳар доим асосий таркибда майдонга тушарди, агар ротацияни ҳисобга олмаса албатта. У тизимга бўйсунувчи ўйинчи. Лекин клубдаги молиявий аҳволни ҳисобга олиш керак. Бу фақат Френки ҳақида эмас, мен умуман вазиятни назарда тутяпман. Мен қарор қабул қилиш жараёнида муҳим роль ўйнайман, лекин барчаси молиявий аҳволга боғлиқ.
Marca тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, шартнома бўйича қолган 4 йил учун каталонияликлар де Йонгга эҳтимолий бонусларни ҳисобга олмаганда 88,58 миллион евро тўлашлари керак бўлади. Шартнома имзолангандан сўнг голландиялик ярим ҳимоячининг "Барса"даги белгиланган маоши 14 миллион еврони ташкил қилди.
Натижада, де Йонг хизматларидан воз кечиб, «Барселона» асосий футболчисидан айрилади, аммо молиявий аҳволини яхшилаган бўлади. Улар катта маошдан қутулади ва товон пулига эга бўлади.
Бироқ Де Йонг ушбу трансферга рози бўлишга шошилмаяпти.
Келишув ҳамма учун ютуқдек кўриниши мумкин, аммо Френкининг ўзи Англияга кўчиб ўтишни истамаса керак. Жорий йилнинг апрель ойида Catalunya radioси журналисти вазиятни шундай тасвирлаб берди:
Френкие де Йонг рози бўладиган ягона вариант - Эрик тен Хаг билан ишлаш. Қолаверса, у топ-клубга ўтмоқчи. Хави Френки қолишини истайди, лекин агар "Юнайтед" келиб 70 миллион евро таклиф қилса, "Барса" уни кетишга кўндиришга ҳаракат қилади.
Июнь ойи охирида Де Йонг яқин орада "Манчестер Юнайтед"га ўтиши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Аммо бундан олдин Cadena SER 25 ёшли ярим ҳимоячи трансферга рози бўлмагани ҳақида хабар берганди.
“Мен “Барселона”да эканлигимдан жуда хурсандман: ёшлигимдан бу ерда бўлишни хоҳлаганман, шу маънода орзуим ушалди. Лекин, албатта, дастлабки икки йил ичида қўлга киритганимиздан кўра кўпроқ соврин ютишни истардим", - дейди де Йонг.
Голландияликнинг позицияси жуда тушунарли - у бир неча йилдан бери "Барселона"да, каталонияликларнинг ўйинини ва ундаги ўрнини тушунади, асосий таркибда мунтазам равишда майдонга тушади. Унинг жорий клуби Ла Лига бош соврини учун асосий даъвогарлардан бири. «Манчестер Юнайтед» эса ҳали ҳам олтинчи ўрин билан кифояланиб, яқин келажакда кучли учликка кўтарила олмаслиги аниқлашиб бормоқда. Қолаверса, Погбанинг ўзи клубга таклиф қилган ноқулай шартномасидан сўнг "манкунианлар" Френкининг "Барса"даги шартларига ўхшаш шартларни келишиб олишлари ҳақиқатга яқин эмас.
Ҳозирча, де Йонг учун каталонияликлар билан қолиш истиқболи ёрқинроқ кўринмоқда, аммо кейинчалик юзага келиши мумкин бўлган молиявий тўсиқлар унинг фикрини ўзгартириши мумкин. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.