Ўйиндан олдин россияликлар бош мураббийи Дик Адвокат: "Менинг шогирдларим чехлардан анча тажрибалироқ, ғалаба қозона олмасак, бу кутилмаган натижа бўлади" деганди. Голландиялик тажрибали мураббий нечоғлик ҳақ эканлигини ўйин кўрсатиб берди.
Мазкур ЕВРОнинг энг қария терма жамоаси ҳисобланган руслар, гап ёшда эмаслигини ўз ўйинлари билан исботлашди. Ўйиннинг 15-дақиқасида Алан Дзагоев ҳисобни очгач, ўйин тизгини тўлалигича, руслар тарафга ўтди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Роман Широков ҳисобни 2:0га етказганда, бугун Россия термаси йирик ҳисобда ғалаба қозонишини таҳмин қилаётганлар сафи анча ошиб кетди.
Биринчи бўлим якунланишига оз қолганда, чехлар таркибида фаоллиги билан анча ажралиб турган Пиларж ҳисобни биттага қисқартирганда, уларда ҳам умид пайдо бўлди.
Иккинчи бўлимда эса, барчаси яна ўз жойига тушди. Умуман олганда, Россия термаси сўнгги ойлардаги ўзининг энг яхши учрашувини ўтказди дейиш мумкин. Тажриба ва иштиёқ борасида чехлардан барча жабҳада устунлик қилган Дик Адвокат шогирдлари иккинчи бўлимда биринчи бўлимдагидан ҳам кўра яхшироқ ва аниқроқ ҳаракат қилишди.
Биргина Александр Кержаковнинг ўзида икки марта жуда яхши имконият юзага келганди. Аммо, Россия премьер-лигаси тўпурари бу вазиятларни кўкка совурди.
Аммо шу куни, Алан Дзагоевнинг юлдузли онларига гувоҳ бўлиш насиб қилган экан. Иккинчи бўлим ниҳоясида, ЦСКА футболчиси қарши ҳужумда жуда чиройли тарзда Петр Чех дарвозасини нишонга олди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, заҳирадан майдонга тушган Роман Павлюченко ҳам сўнгги ЕЧЛ қахрамонларидан бири Петр Чехни чиройли тарзда доғда қолдирди. Чехларнинг тўртта ҳимоячиси, Романнинг зарбасига қаршилик қила олмадилар - 4:1
Шундай қилиб, руслар гуруҳ фаворити мақомини биринчи турнинг ўзидаёқ ажойиб тарзда оқладилар.
ЕВРОПА ЧЕМПИОНАТИ. "А" ГУРУҲИ. 1-ТУР.
Россия - Чехия 4:1
Голлар: Дзагоев, 15, 79, Широков, 24, Павлюченко, 82 - Пиларж, 52
Россия: Малафеев, Анюков, А. Березуцкий, Игнашевич, Жирков, Дзагоев (Кокорин, 85), Широков, Денисов, Зырянов, Аршавин, Кержаков (Павлюченко, 73)
Чехия: Чех, Селассие, Сивок, Кадлец, Губник, Плашил, Йирачек (Петржела, 75), Пиларж, Росицки, Резек (Хюбшман, 46), Барош