Чемпионатимизда юзага келган танаффус пайтида жамоалар турли-туман назорат учрашувлари ташкил этиб, футболчилар ўз формаларини ушлаб туришибди. Хўш, «Навбаҳор»да бу борада қандай янгиликлар бор?
Қисқа танаффус пайтида «лочинлар» 3 та ўртоқлик учрашувини ўтказишни мақсад қилганди. Лекин наманганликлар фақатгина биринчи лигада вилоят шарафини ҳимоя қилаётган «Чуст-Пахтакор» билан (3:0) беллашди, холос. Ҳозирги вақтда спарринг рақиб топиш жуда «қийин» масала бўлиб қолган шекилли. Ҳаттоки, терма жамоамиз бу борада оқсаётган экан, жамоаларимиздан нимани кутишимиз мумкин?
«Навбаҳор» чустликлар билан куч синашганларидан сўнг, таркиб иккига бўлинган ҳолда ўзаро учрашув ташкил қилинди. Рақиб топилмаганидан сўнг, энг маъқбул вариант - таркибни иккига бўлиб ўйнатиш.
«Навбаҳор»ни олдинда жиддий синов кутиб турибди. Яна бир неча кундан сўнг «Нефтчи» билан жорий мавсумдаги илк «водий дербиси» бўлиб ўтади. Кўпчилик ушбу учрашувдаги натижа жамоа раҳбариятининг тақдирига ойдинлик киритиши ҳақида фикр билдирмоқда. Агарда «Навбаҳор» яна мағлубиятга учраса, давра якунига қадар чемпионатнинг яққол аутсайдери бўлиб қолиши мумкин. «Нефтчи» билан учрашувдан сўнг «лочинлар» «Пахтакор», «Андижон» ва «Машъал» билан кураш олиб боради. Бу учрашувларда «Навбаҳор»нинг ҳатто 4 очко олишига ҳеч ким ишонмаяпти.
Жорий мавсум кўрсатилаётган ўйин жамоа тарихидаги энг ёмон натижа сифатида тарихга кирди. Тур сайин эса антирекордлар янгиланиб бормоқда. Шу зайлда давом этса... билмадик, элитамиз доимий иштирокчисидан ҳам айрилиб қолиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, ҳаракат қилиш керак! Мавсум аввалида ҳеч ким «Навбаҳор»нинг шу куйга тушиб қолишини кутмаганди. Ҳаммамиз катта орзулар билан янги мавсумни қарши олгандик. Аммо воқеалар ривожи биз истагандек тус олмади.
Айни пайтда футболчилар «Нефтчи» билан ўтадиган учрашувга жиддий ҳозирлик кўришмоқда. Таркиб тўлиқ ҳолга келтирилган бўлиб, барча ўйинчилар машғулотларда иштирок этишмоқда. Фақатгина жароҳати туфайли Максим Белих йиғинда қатнашмаяпти.
Хабарингиз бор, унинг жароҳати жиддий бўлиб, анча вақтгача майдонга қайтмаслиги мумкин. Ўйлаб қоласан, шу Белих «Навбаҳор»га келиб, қандай рўшнолик кўрди? Дастлабки ташрифида ҳам жиддий жароҳат олиб, мавсумни эрта якунлаган эди. Ҳозир ҳам шундай ҳолат. «Навбаҳор»да тажрибали ҳимоячининг боши жароҳатлардан чиқмаяпти.
«Нефтчи» билан ўтадиган учрашувда Артурас Фоменконинг иштирок этмаслиги аниқ. Бундан ташқари Фоменко яна бир нечта учрашувни ўтказиб юбориши мумкин. Бу ҳақда ПФЛ нинг қарорини кутамиз. Фоменко ўйнамаса, хўш, ҳужумда ким ўнайди? Ирисметов ва Абдуллаевлар кутилган ўйинни намойиш эта олмаётган пайтда мураббийларга ҳақиқий «кроссворд» топилган бўлса керак.
Ҳурматли Александр Клименко! Сизга яна минглаб мухлислар ишонч билдиришмоқда. Ишончимизнинг ҳам интиҳоси бор! Шуни эсдан чиқарманг!
Улуғбек АБДУЛЛАЕВ