Бугун Евро-2012 "D" гуруҳи 1-тури доирасида кечган иккинчи учрашув – Украина-Швеция ўйинида "Милан"нинг собиқ ва амалдаги ҳужумчилари ҳисобни шакллантиришди.
Ўйиннинг биринчи бўлими тенг курашлар остида ўтиб, танаффусгача ҳар кки томондан бир неча вазиятлар содир этилган бўлса-да дарвозалар дахлсизлиги сақланиб қолинди.
Иккинчи бўлимда эса жамоа сардорлари катта саҳнага чиқишди. Аввалига, 52-дақиқада Златан Иброҳимович украинлар жарима майжони ичида қулай позиция танлаб, Челстрём томонидан узатилган тўпни осонгина Пятов дарвозаси томон буриб, ҳисобни очган бўлса, уч дақиқа ўтар-ўтмас, Андрей Шевченко худди шунга ўхшаш вазиятда ҳаммадан илғор бўлиб, боши билан тўпни дарвозага йўллади. Бу сафар унга тўпни Ярмоленко ҳаолатиб берган эди.
Кўп ўтмай, ушбу ўйин ҳам Евро-2012даги машҳур ҳисоб — 1:1 билан якунланса керак, деб ўйлаганлар адашганини ҳис қилишди. Коноплянконинг бурчакдан оширган тўпни Андрей Шевченко яна боши билан йўллаб жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Ўйиннинг бундай тус олишини асло кутмаган Эрик Ҳамрен шогирдлари учрашувда бурилиш ясашга урина бошлашди. Майдонга ҳужумни кучайтириш мақсадида Элмандер ва Вилҳельмссон ташланди.
Учрашув сўнгига қадар Украинада деярли вазият вужудга келмаган бўлса, шведлар ўйин интиҳосида икки бор рақиб дарвозасини нишонга олиш имкониятини қўлдан чиқаришди. Аввалига жуда чиройли комбинациядан сўнг Элмандер зарбавий позицияга чиқарилди. Лекин ўша вазиятни тўпни ўзи эмас, зарба учун яқинлашаётган "Ал-Ҳилол" ҳужумчиси Кристиан Вилҳелмссонга қолдирганда вазият бошқача тус олиши мумкин эди.
Шундан сўнг Элмандер яна бир вазиятни бой берди. Украиналиклар дарвозасидан кўра, "Олимпийский" стадиони шифти унга қизиқроқ мўлжал бўлиб кўринган бўлса ажаб эмас…
Хуллас, мусобақа мезбонларининг иккинчи гуруҳ босқичини ғалаба билан бошлади. Гарчи олдинда икки жиддий рақиб билан ўйин кутиб турган бўлса-да, плей-офф босқичига чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилишди. Худди ўша рақиблар билан ўйновчи шведлар эса имкониятларини мос равишда пасайтириб юборишди…
ЕВРО-2012. "D" ГУРУҲИ. 1-ТУР
УКРАИНА – ШВЕЦИЯ 2:1 (0:0)
Голлар: Андрей Шевченко (55, 61) – Златан Иброҳимович (52)
УКРАИНА: 12. Андрей Пятов. 17. Тарас Михалик. 2. Евгений Селин. 3. Евгений Хачериди. 9. Олег Гусев. 18. Сергей Назаренко. 4. Анатолий Тимошчук. 19. Евгений Коноплянка (22. Марко Девич, 90+3). 7. Андрей Шевченко (С) (Артём Милевский, 81). 10. Андрей Воронин (14. Руслан Ротань, 85). 11. Андрей Ярмоленко
ШВЕЦИЯ: 1. Андреас Исакссон. 3. Олоф Меллберг. 5. Мартин Олссон. 4. Андреас Гранквист. 2. Миикаэл Лустиг. 9. Ким Челлстрём. 6. Расмус Элм. 20. Ола Тойвонен (8. Андерс Свенссон, 62). 7. Себастьян Ларссон (21. Кристиан Вилҳельмссон, 68). 10. Златан Иброҳимович (С). 22. Маркус Розенберг (11. Йоан Элмандер, 71).
Бош ҳакам: Жунайд Чақир (Туркия)
11 июнь. Киев. "Олимпийский" стадиони. 64290 томошабин