"А" гуруҳининг марказий учрашуви олдиндан руслар ва поляклар ўртасида бўлиб ўтиши тахмин қилинаётганди ва бу ўзини оқлади.
Учрашувда қисман руслар ташаббусга эга бўлган бўлса-да, барибир ўз анъаналарига содиқ ҳолда мусобақа мезбонини енга олишмади.
Жамоа сардори Андрей Аршавиннинг етказиб берган тўпини боши билан дарвозага йўллаган ёш ва умидли юлдуз Алан Дзагоев турнирдаги учинчи тўпини киритди. Ушгбу ҳисобни танааффусгача сақлаб қолишга муваффақ бўлган руслар иккинчи бўлимда барибир гол ўтказишди.
Полякларнинг соатдек аниқ ишлаган ўнг қаноти қарши ҳужумда самарали ҳаракат қилди ва барча масъулиятни ўз зиммасига олган жамоа сардори Якуб Блашчиковски қулай позициядан Малафеев дарвозасининг узоқ тўққизлигини кучли зарб билан аниқ нишонга олди.
Полякларда ҳам русларда ҳам гол киритиш учун вазиятлар яратилди. Айниқса, Вячеслав Малафеевнинг бир неча қийин вазиятдаги сейвларини ёдга олиш эътиборга молик.
Ушбу натижадан сўнг руслар 4 очко тўплаган ҳолда турнир карвонбошилигини ўз қўлларида сақлаб қолишди. Гуруҳ босқичининг сўнгги турида руслар греклар билан учрашишса, майдон эгалари чехларга қарши курашишади.
ЕВРО-2012. "А" ГУРУҲИ. 2-ТУР
ПОЛЬША – РОССИЯ 1:1 (0:1)
Голлар: Блашчиковски (57) — Дзагоев (37)
ПОЛЬША: Титонь, Пишчек, Василевски, Перкис, Бёниш, Дудка (Межеевски, 73), Полянски (Матушчик, 85), Блашчиковски, Муравски, Обраньяк (Павел Брожек, 90), Левандовски.
РОССИЯ: Малафеев, Анюков, А.Березуцкий, Игнашевич, Жирков, Денисов, Широков, Зирянов, Дзагоев (Измайлов, 79), Аршавин, Кержаков (Павлюченко, 70).
Огоҳлантиришлар: Левандовски (60), Денисов (60), Дзагоев (75), Полянски (79).
Бош ҳакам: Вольфганг Штарк (Германия)
12 июнь, Варшава, «Миллий стадион», 55920 томошабин