«Валенсия» раҳбарияти июнь ойи аввалида навбатдаги мураббийни ҳам истеъфога чиқарди. Испаниялик Хосе Бордаласнинг клуб билан ҳамкорлиги атиги 1 мавсумга чўзиди. Чунончи, «кўршапалаклар» унинг раҳбарлигида хилма-хил натижа қайд этишди: Ла Лигада 9-ўрин (унча яхши эмас) ва Испания кубогида финал (жуда яхши). Жамоа раҳбарлари эса барчасини тарозуга солиб кўриб, Бордалас ишига ижобий жавоб бермадилар, кубок турнири финалини муваффақият сифатида қабул қилмадилар. Шу тариқа номдор мураббийга чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилди. Кейинроқ унинг ўрнини италиялик «жанжалкаш» - Женнаро Гаттузо эгаллади. Энди эскпертлар буни номақбул танлов сифатида муҳокама қилишмоқда.
Италиялик собиқ футболчи катта мураббийлик фаолиятини «Милан»га қайтиш билан бошланган эди. Женнаро янги йўналишдаги ишга ҳам борини бағишлади, ҳаттоки, клубдан кетиш арафасида шартномасида кўрсатилган маошидан ҳам воз кечди. Бу шубҳасиз - «Милан»га нисбатан муҳаббат ва олижаноблик намунаси. Бироқ асосий масала шуки, Гаттузо амалда «россонерлар»ни нурли чўққи сари етаклай олгани йўқ, гарчи янги жамоа шакллантиришга ўта тиришқоқлик билан ёндашган бўлсада. Женнаро кейинчалик «А» сериянинг бир қатор ўртамиёна клубларидан тушган таклифларни қабул қилмади, «Фиорентина» бош мураббий мақомида иш бошлагач эса, трансферлар масаласидаги раҳбарлар билан келишолмай, атиги 3 ҳафтадан сўнг жамоани бошқаришдан воз кечди.
Умуман, Рино ишдан бўшагач, тажриба тўплаш илинжида дуч келган ишга бурнини суқавермади, сабр-тоқат билан иззатталаб клублар чорловини кутди. Кейин навбат «Наполи»га келди. Эҳтимол, унинг малакаси бундай жамоани бошқариш учун етарли бўлмагандир. Хуллас, ёш мураббий 2020|2021 йиллар мавсумида неаполликлар билан Италия кубоги турнирида зафар қучди, аммо асосий вазифа бажарилмади - жамоа ЧЛ йўлланмасини қўлга киритолмади. Оқибатда «адзурра» соҳиби Аурелио де Лаурентис мураббийга янги шартнома таклиф қилмади. Боз устига, томонлар ўртасидаги муносабатларга олдинроқ дарз етган ва ҳамкорликнинг давом этишига умид қолмаганди ҳисоб...
Хуллас, Гаттузонинг мураббийлик фаолиятига назар солиб, хулоса чиқарилса, «Валенсия» раҳбариятининг танлови чиндан ҳам, анчайин ғалатидек туюлади. Шунингдек, италиялик мураббийнинг қарори ҳам. Бинобарин, Рино бир авторитар соҳиб билан ишлаб кўрди ва энди ундан қолишмайдиган функционер олдига борди. Боз устига, де Лаурентисга нисбатан Питер Лим билан ҳамкорлик қилиш янада қийинроқ. Ҳар ҳолда, «Валенсия»нинг асли сингапурлик хўжайини учун мураббий алмаштириш қўлқопни янгилашдан ҳам осонроқ. Дейлик, у Испания кубогидаги зафардан кейин Марселинони ишдан ҳайдади ва ўзини ҳеч нарса бўлмагандек хотиржам тутди. Дарвоқе, шундан кейин бирор мураббийга «Валенсия»ни 1 йилдан кўпроқ вақт бошқариш насиб этгани йўқ. Альберт Селадес, Хави Грасия ва Хосе Бордалас бир мавсумга зўрға чидадилар.
Яна бир томони, клубнинг ички муҳитида муаммолар етарли. Грасия вақтида мутасаддилар таркибни шакллантириш масаласида берган ваъдаларини бажаришмаганидан нолиганди. У дарҳақиқат, асосан клуб ихтиёридаги футболчилар билан ишлашга мажбур бўлди. Яқинда эса ижтимоий тармоқларда «Валенсия»нинг собиқ президенти Анил Мурти ва ярим ҳимоячи Карлос Солер ўртасидаги мулоқот аудиоёзуви тарқалди. Унда функционер амалдаги шартномаси муддатини узайтиришдан бош тортган футболчини «тинчитиш» йўлини билиши, бунинг учун 100000 евро сарфлашга ҳам тайёрлигини айтган. Ошкора таҳдид... Бунисига нима дейсиз?! Ҳа, Муртини истеъфога чиқаришди, албатта. Аммо клуб нуфузига катта доғ тушди. Бунақаси ҳар қандай жамоа учун кучли зарба! Шундай вазиятда ўта эҳтиёткор ва иззатталаб Гаттузонинг таклифга розилик бергани янада ажабланарли...
Ички муаммоларни қўя турайлик, мураббий учун муҳими - жамоа. Оддий мисол, етакчи ҳимоячи Хосе Гайя ва хавбек Карлос Солер шартномаси яна 1 йилдан кейин ўз кучини йўқотади. Португалиялик вингер Гонсалу Гуэдеш яна 2 йил ўйнаши мумкин, лекин у ҳам «кўршапалаклар» билан хайрлашиш ниятида. Қисқаси, бугунги «Валенсия»нинг етакчи триоси келажаги мавҳумлигича қолмоқда. Мана, барча жамоалар мавсумолди тайёргарлигини бирин-кетин бошлаб юборди, хусусан, трансферлар масаласида ҳам. Бироқ «Валенсия» ҳозирча футбол бозорида сукут сақламоқда. Бир томонда эса молиявий муаммолар ўз ечимини кутмоқда. Янги футболчилар хариди учун етакчи ижрочиларни сотишга тўғри келади. Лекин фақат Солер, Гуэдеш ва Гайя трансферидан дурустроқ маблағ олиш мумкин, холос. Бошқа футболчиларга жиддий талабгорлар йўқ, ҳисоби. Бордию, етакчи учлик вакиллари шартнома муддатини узайтиришга кўнмасалар, уларни қишдаёқ пуллашга тўғри келади. Эҳтимол, шундай ҳолатда янги бош мураббийда жамоани қайтадан шакллантириш имкони туғилар...
Бундай муаммолар ва бош оғриғининг Гаттузога кераги бор-йўқлиги - бошқа масала. Италиялик мутахассисга қайта қуриш эмас, жанговар жамоа тузиш борасида ваъда беришган. Бироқ амалда «Фиорентина»да кузатилган ҳолат такрорланмоқда. Миш-мишларга қараганда, жамоа раҳбариятининг трансферларга лоқайд қараётгани Гаттузога сира ёқмаяпти, у тобора қаҳр-ғазабга тўлмоқда. Зеро, Рино Валенсияга жамоада кўришни истаган бир қатор футболчилар рўйхати билан ташриф буюрган. Лекин клубда янги ўйинчилар хариди учун маблағ йўқ. Яна «Валенсия»да маош меъёри ҳам бузилган. Оддий айтганда, янги футболчилар билан шартнома тузиш ва уларни Ла Лига рўйхатидан ўтказиш учун умумий маош варақасини анча ихчамлаштириш|енгиллатиш керак. Гаттузо рўйхатида эса жиддий ижрочилар бор. Жумладан, уругвайлик голеадор Эдинсон Кавани. Табиийки, улар камроқ иш ҳақига кўнмайдилар. Хуллас, ҳозирги ҳолатда «Валенсия» ва италиялик мураббий ўртасидаги ҳамкорлик, умуман, клубнинг яқин келажаги хусусида қандайдир фикр билдириш қийин. Испаниялик экспертлар ва мутахассислар «кўршапалаклар» янги мавсумда элитада қолиш учун кураш олиб боришларини баралла тахмин қилмоқдалар. Табиийки, бу Рино хоҳлаган вазифа эмас. Мавжуд омиллар таҳлили италиялик мутахассиснинг 2 йиллик шартномани тўлиқ адо этолмаслигидан далолат бермоқда. Мабодо, у Валенсия шаҳри жамоаси билан муддатидан олдин хайрлашмаса, ўта мураккаб вазифани уддалаган ҳисобланади, шубҳасиз. Демак, кузатамиз...