Аввал хабар берганимиздек, бугун "Насаф" ПФК бош менежери Ш.Ярулин фан-клуб фаоллари билан учрашув ўтказди.
Бизни қувонтирадиган жиҳати шуки, клубимизнинг янги раҳбари иш фаолиятининг бошидан жамоамиз мухлислари кайфиятини ўрганиш билан бошлаганидир.
"Насаф" ПФК бош менежери Ш.Ярулин фан-клуб қароргоҳига (фан-клуб қароргоҳи "Насаф" марказий стадионида жойлашган) ташриф буюриб, фан-клуб фаоллари билан чин дилдан самимий суҳбатлашди. У кишининг асосий қизиқиши албатта мухлисларнинг таклиф-истаклари ҳақида бўлди. Учрашув давомида, шунингдек у киши "Насаф" жамоаси олдида турган вазифалар ва бу вазифаларни амалга оширилишида "Насаф" мухлисларининг роли ва таклиф-истаклари ҳам инобатга олинишини ҳам айтиб ўтдилар. "Насаф" фан-клуби аъзолари сони қанча бўлишидан қатъий назар бундан буён жамоамиз мамлакатимизнинг қайси жойида ўз ўйинларини ўтказса, мухлисларнинг ўша жойга кўпчилик бўлиб ташриф буюришлари учун ҳамма шарт-шароитлар муҳайё қилинади. Ҳамда фан-клуб аъзолари барча атрибутика ва жиҳозлар билан таъминланади.
Суҳбат чоғида, шунингдек жамоада қандай ўзгаришлар бўлиши ҳақидаги таклиф ва мулоҳазалар ҳам муҳокама қилинган. Биз шу ўринда Сиз азиз мухлислар учун хушхабар сифатида етказиб қўйишни хоҳлардикки, келгусида жамоамизда биз кутган ўзгариш ва натижалар учун клубнинг ва жамоамизнинг барча имкониятлари ишга солинади, бу албатта катта мавзу, бу ҳақда келгусида сизларга алоҳида хабар беришни режалаштириб қўйдик.
Учрашув ҳақида қисқача хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, клубимиз раҳбарининг келгусида биз мухлисларни хурсанд қилиш жуда катта режалари борлиги маълум бўлди. Биз энди севимли жамоамиз "Насаф"нинг келгусида юқори натижаларга эришишига асло шубҳа қилмаймиз.
Жамоамизнинг азиз мухлислари, биз "Насаф" жамоамиз билан ҳамиша биргамиз, "Насаф" ўз тарихи давомида жуда кўп воқеаларни "ўз бошидан" ўтказди, лекин биз ҳамиша жамоамизга содиқ қолдик, фақат "Насаф"ни дедик, шундай экан, келинг азиз дўстлар ўзимизнинг "Насаф"имизни бундан бўён янада кўпроқ ва кучлироқ қўллаб-қувватлайлик.
Биз барча мухлислар номидан Ш.Ярулинга учрашувдаги самимий суҳбатлари учун ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз!