Фаррух Нурлибоев Ўзбекистон U22 терма жамоаси сардори этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар тарқатмоқда.
14 июнь куни Ўзбекистон U22 терма жамоаси, Катманду вақти билан 18:00да Непал футбол уюшмасининг ҳудудий техник маркази майдонида машғулотлар олиб борди. Унда ўзбекистонлик футболчилар енгил югуриш ва чигалёзди машқларини бажаришди.
Кечки овқат арафасида футболчилар ўртасида яширин овоз бериш йўли билан Бангладеш, Непал, Яман ва Иордания терма жамоаларига қарши Ўзбекистон терма жамоасини сардор сифатида майдонга олиб тушадиган футболчи аниқланди. Унга кўра, «Олмалиқ» футбол клуби аъзоси Фаррух Нурлибоев Ўзбекистон U22 терма жамоаси сардори бўлса, «Нефтчи» ярим ҳимоячиси Сардор Мирзаев Нурлибоев йўқ пайтда унинг ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилади. Шунингдек, «Пахтакор» ҳужумчиси Темурхўжа Абдуҳолиқов ҳар эҳтимолга қарши учинчи сардор вазифасини бажаради.
Кеча Непал футбол уюшмаси президенти Ганеш Тапа Ўзбекистон делегацияси истиқомат қилаётган меҳмонхонага ташриф буюриб, жамоа администратори Бенямин Муратов ва катта мураббий Азамат Абдураимов билан учрашди. Суҳбат давомида Непал ва Ўзбекистон футболи бир оила эканини бир неча бор таъкидлаган президент, Ўзбекистон терма жамоаси учун барча шароитлар муҳайё қилинишига ваъда берди. Айни пайтдаги муаммо ва камчиликларни ўрганиб, 15 июндан бошлаб улар бартараф этилишини таъкидлади.
15 июнь куни Непалдаги саралаш беллашувларида иштирок этувчи барча терма жамоа бош мураббийлари ва жамоа менежерлари иштирокида митинг ҳамда матбуот анжумани бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U22 терма жамоаси саралаш босқичидаги илк ўйинини 18 июнь – душанба куни Бангладеш терма жамоасига қарши ўтказади.
Алексей Евстафеев янги марра сари ҳаракат бошламоқда
Непалдаги машғулот майдони ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун