8 июнь санасидан бошлаб Европада катта футбол байрами бошланди. Барчамиз Польша ҳамда Украина майдонларида ўтаётган бир-биридан ажойиб футбол учрашувларини завқ билан томоша қиляпмиз.
Ўзбекистон ҳудудида мазкур мусобақани "Спорт" ҳамда "Ёшлар" телеканаллари жонли тарзда бизга етказиб келмоқда. Бунинг учун улардан миннатдормиз. Аммо...
Учрашув қанчалик қизғин бўлмасин барибир эскирмаётган - шарҳловчилар муаммоси кўпчиликнинг ҳафсаласини пир ҳам қилмоқда. Йирик мусобақаларга телевидения ходимлари ўзгача тайёргарлик кўришлари лозим эди. Лекин айрим шарҳовчиларнинг шарҳини эшитиб, кишини асаби бузилади.
Давлат Турдалиев, Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ва Даврон Файзиевларда шарҳ давомида камчиликлар унча сезилмайди. Барибир тажриба борда. Биласиз, "Ёшлар" телеканали ҳам ҳар куни Евро-2012 нинг бир учрашувини тақдим этиб келмоқда. Ушбу учрашувларни фақат Д.Турдалиев шарҳлаб келмоқда ва биз Давлат аканинг шарҳидан роҳатланяпмиз. "Спорт"да Умиджон Рўзиев шарҳлатган пайтда "Ёшлар" телеканалида Турдалиев шарҳлаётган бўлса, ҳеч ким Умиджонни эшитмайди.
Ҳозирги янги "шарҳловчи"ларда учрашув пайтида мулоҳаза юритиш деган нарса умуман йўқ. Ўзбек футболчиларини шарҳ давомида исм-шарифларини тескари айтишлари биз учун янгилик эмас. Янги шарҳловчилар бу борада кўп "қовун" тушуришади. Аммо Европа футболида ҳам жаҳон таниган футболчиларни англай олмайдиган шарҳловчилар ҳам бор экан! Мисол учун, кеча бўлиб ўтган Испания-Ирландия (4:0) учрашувини шарҳлаб борган Зоҳиджон Каримов бир неча марта адашди. Адашганда ҳам биринчи гол муаллифида адашди! Иньеста ... зарба.... гоооол! На кулгин келади, на йиғлагин! Тўғриси, Зоҳиджон велопойга, формула-1 баҳсларини шарҳлаб боргани маъқул кейинчалик.
Умиджон Рўзиев, Дилшодбек Тўхтабеков, Муроджон Ризаев ва Зафаржон Имомхўжаевларда ҳам шарҳ пайтида камчиликлар етарлича топилади. Уларнинг шарҳида мухлислар қизиқарли маълумотларни топишлари қийин. Шунингдек, шарҳлар зерикарли тусда олиб борилади. Рўзиев ҳақида айтиш шартмас.
Дилшодбекда ҳам юқоридаги муаммолар учраб туради. Тўхтабеков учрашув бошланиши биланоқ дарҳол ўйиндан олдинги фикрларга ўтиб кетади. Бу пайтда худди ўйин ҳақида жуда кўп маълумотлари бор шекилли, деб ўйлайсан. Бироқ ундай бўлмайди. Шунингдек жамоларнинг ўтган ўйиндаги натижалари ҳақида жуда кўп мулоҳаза қилиб юборади. Ваҳоланки тмошабинлар Европа чемпионатидаги ҳар бир натижадан яхши хабардорлар.
Тажрибали Муроджон Ризаевда ҳам муаммолар кўзга ташланмоқда. Бир жиҳат борки, Ризаев ҳакамнинг қарорини ўз фикри билан ифодалай олмайди. Агар футболчи қўлини кўтариб офсайд борлиги ҳақида ҳакамга мурожаат қилса бас, М.Ризаев ҳам офсайд бор эди, ҳакамлар адашди дейди. Такрорий лавҳа кўрсатилганда эса...
Зафар Имомхўжаев шарҳ мобайнида айрим сўзларни жуда кўп ишлатадики, бу одамларни жонига ҳам тегиб кетади. "Айтиш керакки", "таъкидлаш лозимки", "ўша" каби сўзлар Имомхўжаев шарҳида жуда кўп учрайди. Ишонмасангиз, бир текшириб кўринг!
Юқорида номлари келтириб ўтилган тўрт шарҳловчимиз жонли репортажларни етказишда муаммоларга учраб келишмоқда. Лекин ёзиб олинадиган репортажларни шунчалик қойиллатишадики, ҳайрон қоласан! Ана шундай йирик турнирларда шарҳловчиларимизнинг асл кўриниши билиниб қолади.
Биз ушбу чиқишимиз орқали кимнидир ёмонламоқчи эмасмиз. Фақат юзага келаётган муаммоларни олдини олиш борасида фикларимизни билдириб ўтдик.