"Навбаҳор" - "Нефтчи" (2:0) учрашуви якунига етгач, ҳар икки жамоа мураббийлари иштирокида матбуот-анжумани бўлиб ўтди.
Александр Клименко ("Навбаҳор" мураббийи): "Биринчи навбатда бугунги ўйин учун шогирдларимга ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтаман. Бугунгидек қийин учрашувни ўтказмаган эдик. Футболчилар ўйиндан олдин берилган барча кўрсатмаларни бажаришди. Майдонда анча ишончли тўп суришиб, ҳар бир тўп учун охиригача кураш олиб боришди".
— Рақиб жамоанинг ўйини ҳақида нима дея оласиз?
— "Нефтчи" ҳар доим кучли жамоа бўлиб келган. Унинг мураббийи мана неча йилдан бери жамоани бошқариб келмоқда. Бу жамоа ҳақида фақат илиқ фикрларни билдириб ўтиш мумкин.
— Сўнгги учрашувларда "Навбаҳор" икки бўлимда икки хил ўйин кўрсатиб келаётган эди. Бугун эса жамоа хар икки бўлимда ҳам бир хил ўйин кўрсатди...
— Дарҳақиқат, дастлабки бўлимда жамоа жуда бўш ўйин кўрсатарди. 2-бўлимда эса бошқача футбол кўрардик. Бунинг сабаби шундаки, менда футболчиларнинг танлаш имконияти йўқ! Ҳужумкор футбол кўрсатиш учун таркибда савияли ҳужумчилар йўқ. Биз ҳозирча бир ҳужумчи билан ўйнашга мажбурмиз. Ўша ҳужумчи ҳам ярим ҳимоя вакили бўлмоқда. Ҳозирча бошқа имконимиз йўқ. Бугун Оллоҳ ҳам бизга ўз ёрдамини берди.
— Учрашув сўнггида юзага келган ҳолат ҳақида фикрларингиз...
— Авваламбор ўз ҳаракатимдан узр сўрайман. Қуюшқондан чиқиб кетдим. Бу вазият мен учун салбий ҳолатдир. Биз ўрта осиёликлар анча қизиққонмиз. Бунинг учун барчадан узр сўрайман.
— Ҳакамликдан қониқдингизми?
— Буни муҳокама қилиш вазифамга кирмайди.
Олдимизда яна 3 та учрашув бор. Ушбу баҳсларда ҳам кўзланган очколарни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Иккинчи даврада албатта таркибда ўзгаришлар бўлади. Бу ҳақда фурсати етганда гаплашамиз. Ҳозир бор эътиборимизни олдиндаги учрашувларга қаратамиз.