Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида 10-тур ўйинлари якунланди. Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ҳиндистоннинг иккинчи жамоасига қарши ўта қийин ўйинларни ўтказди.
Дастлаб Нодирбек Ёқуббоев ва Жаҳонгир Воҳидов рақиблари билан дуранг ўйнашди. Жавоҳир Синдаров эса имкониятни бой бериб қўйди.
Нодирбек Абдусатторов эса кучли шахматчи Гукеш билан ўйинда жуда қийналди. Ҳинд спортчиси дебютни ва ўйиннинг ўрта қисмларини жуда яхши ўтказди ва ғалабага яқин эди. Аммо Абдусатторов нафақат қийин вазиятдан чиқиб кетди, балки ўйин сўнгида ғалабани илиб кетди. Гукеш вақт танқислигига дуч келгани учун хатога йўл қўйди. Нодирбек бундан унумли фойдаланиб, ғалабага эришди.
Натижада Ўзбекистон ўта қийин рақиб билан дуранг ўйнади ва 17 очко билан пешқадамликни сақлаб қолди. Арманистон эса Озарбойжонни мағлуб этиб, 17 очко билан 2-ўринга кўтарилиб олди.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Парагвайга қарши баҳсда 3:1 ҳисобида ғалабага эришди.
Эртага сўнгги тур ўйинлари ўтказилади. Рақибларимиз бироздан кейин аниқ бўлади.