Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Шукуров қандай клубга ўтди?

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий жамоаси ярим ҳимоячиси Отабек Шукуровни ўз сафига қўшиб олган «Фотиҳ Қорагюмрюк» қандай клуб?

Бу жамоа ҳақида нималарни биламиз? Қисқача маълумот: «Фотиҳ Қорагюмрюк» яқин келажакда ўзининг 100 йиллик юбилейини нишонлайди. Аниқроғи, яна 4 йилдан кейин. Жамоа деярли бир асрлик тарихида ҳеч қандай катта соврин ютмаган, қолаверса, Туркия чемпионати элит дивизионида ҳам бир неча мавсум ўйнаган, холос. «Фотиҳ»нинг аввалги мавсум қайд этган натижаси - Суперлигада 8-ўрин.

«Фотиҳ Қорагюмрюк» - сиғими 75000га тенг муҳташам «Отатурк» стадионида ўйнайдиган Истанбул клуби. Отабек Шукуровнинг янги жамоа­дошлари қаторида Могамед Оздоев (Россия), Аҳмад Мусо (Нигерия), Жанер Эркин (Туркия) ва Колин Казим-Ричардс (Туркия|Англия) каби машҳур футболчилар бор. Ҳаммага маълум бўлиб улгурган хабар - «Фотиҳ Қорагюмрюк»ни янги мавсумда италиялик «маэстро» Андреа Пирло бошқаради. Аслида жамоада ўз стадиони ҳам, базаси ҳам йўқ. «Фотиҳ» Суперлигага чиқишига қадар атиги 6000 мухлисга мўлжалланган «Вефа» аренасидан фойдаланган. У узоқ 1421 йили қурилган ва ичимлик суви сақланадиган Византия давридаги сардоба - очиқ цистерналардан бири ўрнида жойлашган (ўша пайт Константинополда сув манбалари жуда кам бўлган). Тўғри, сардобалардан фақат девор қолган, холос. «Вефа» стадионидаги ўйинларни эса қарама-қарши томонда жойлашган уйлардан ҳам бемалол томоша қилиш имкони бор эди. Дарвоқе, бу арена ёритиш тизимига қурилганидан 60 йил ўтибгина эга бўлган. Қисқаси, «Вефа» Туркия Суперлигаси талабларига жавоб бермайди, шунинг учун «Фотиҳ Қорагюмрюк» турли стадионлардан фойдаланишга мажбур. Агар «Отатурк» банд бўлмаса, шу ерда ўйнайди, акс ҳолда, бошқа аренага кўчади. Рақамларда айтсак, Шукуровнинг янги клуби Суперлигадаги биринчи мавсумида рақибларини нақ 8та стадионда қабул қилди.

«Отатурк» - Андреа Пирло ва «Милан» ЧЛ финалида «Ливерпул»га қандай ютқазганига гувоҳ стадион. Қолаверса, асосий еврокубокнинг навбатдаги финали ҳам шу ерда ўтказилади. «Фотиҳ» асосан мамлакатнинг бош ареналаридан бирида ўйнаса-да, мухлис йиғиш масаласида сира мақтанолмайди. Кенг стадион, аммо мухлислар сони бўйича охирги натижа. Transfermarkt маълумотлари бўйича айтсак, клуб мавсум-2021|2022 доирасидаги 19та ўйинда жами 11421 мухлис тўплади. Оддий айтганда, «Фотиҳ»нинг ўйинларига ўртача ҳисобда чамаси 600 нафар мухлис тушган, холос. Ҳаттоки, «Фенербахче» ва «Бешиктош» каби суперклубларга қарши учрашувларда ҳам мухлислар сони 1000 нафардан ошмаган. Фақат «Галатасарой» билан баҳс бундан мустасно (1442 мухлис). Томошабинлар ташрифи бўйича энг паст кўрсаткич эса «Малатьяспор»­га қарши ўйинга тўғри келди - бор-йўғи 134 нафар. Маълумот учун, турк Суперлигасининг ўтган мавсуми мухлислар ташрифи бўйича атиги 5та клубда ўртача кўрсаткич 2000дан ошмади. Шундан 3таси Истанбул шаҳри вакили - «Фотиҳ Қорагюмрюк»дан таш­қари, «Истанбул» ва «Қо-симпошо».

«Фотиҳ Қорагюмрюк» соҳиби собиқ ёлланма менежер бўлиб, клубга эга чиқиш учун ўз мулкини тўлиқ сотган. Жамоанинг охирги муваффақиятлари айнан клуб президенти Сулаймон Хурма билан боғлиқ. У бунга қадар бир қатор клубларда менежер ролини бажарган. Хусусан, «Қайсариспор»да амалга оширган ишлари алоҳида ажралиб туради. Хурма футболчиларни манфаатли тарзда сотиш асносида клубга қийин молиявий шароитда катта ёрдам берди. «Қайсариспор» Суперлигага чиққач, мухлислар ҳаттоки, Хурма жойлашган меҳмонхонага бориб, унга алоҳида миннатдорчилик билдиришди. Умуман, функционер бу клуб билан ЧЛга чиқишни кўзлаганди. У чемпион жамоа шакл­лантирилганини ҳам бот-бот таъкидлади, бироқ бутун мамлакат қаршилигига учради. Ҳар­қалай, Хурма Туркия футболида катта клубларнинг ташқи таъсири ўта кучли эканлигидан нолиб, ўзини Дон Кихотдек ҳис қилаётганини айтганди. 

Сулаймон Хурма 2018 йили «Фотиҳ Қорагюмрюк» президентига айланди ва клубнинг ишлари бирдан юришиб кетди. Дейлик, камтарин жамоа атиги 2 йилда Иккинчи лигадан Суперлигага сакради. Тўғри, ҳар икки ҳолатда «плей-офф» бос­қичи орқали. «Фотиҳ» чамаси 10 йилча олдин бундай кўтарилишни хаёлига ҳам келтиролмасди, зеро, турк футболида 5-даражали лигада зўрға кун кўрарди. Хурманинг «Фотиҳ Қорагюмрюк» учун катта тавваккалга қўл ургани таҳсинга сазовор. Унинг ўзи Hurriyet нашрига берган интервьюсида элитадан клуб сотиб олишга қурби етмагани ва «Қорагюмрюк» бошқарувини қўлга олиш учун бор бисотини сотганию, ўз уйини банкка гаров сифатида қўйгани ҳақида гапириб берганди. «Уйим ҳамон гаровда, лекин мен учун мол-мулкдан кўра, из қолдириш муҳимроқ», - деганди Хурма ўтган йили кузда. Клуб соҳиби асосан ёш мураббийларга таянади. Бунга Пирло танлови ҳам яққол далил. «Маэстро» «Ювентус»ни бошқариб, ҳеч нарсага эришолмади, кейин бир мавсум танаффус олди. Италиялик мутахассиснинг айтишича, у Туркияда ишлашга розилик беришидан олдин бир қанча жамоалар билан музокара олиб борган, лекин амбициялар мос келгани туфайли «Фотиҳ Қорагюмрюк»ни танлаган. Умуман, Хурма бунга қадар Суперлигада фақат 40 ёшдан кичик мутахассислар билан ҳамкорлик қилганди. Пирло эса ҳозир 43 ёшда. Айтганча, «Фотиҳ»ни қисқа муддат «Фенербахче»да 500тадан ортиқ ўйин ўтказган машҳур собиқ голкипер Волкан Демирел (Европа чемпионати бронза медали соҳиби) ҳам бошқарди. 

Аввалги мавсум жамоа ўйинидан олинган видеолавҳа бутун ижтимоий тармоқни қамраб олди - унда дарвозабон Эмилиано Вивианонинг февраль ойида ўтказилган кубок ўйинида совуқдан қандай титрагани акс этганди. Ўйиннинг ўзи жуда қувноқ бўлди (5:4), аммо футболчилар роса қийналишди, чунки ҳаммаси «овертайм»га кўчганди. Вивиано учрашувдан сўнг Исландия, Эстония ва Фарер оролларида ҳам совуқдан бунчалик азоб тортмаганини яширмаганди. Яна бир воқелик бор, буниси анча позитивроқ. 2020 йили «Фотиҳ» ўйини вақти майдонга ит югуриб тушади ва тўп билан ўйнашга чоғланади. Шунда уни ҳайдашади, бироқ жонивор озгина чекинадию, яна футболчилар ортидан югура бошлайди. Якунда «Қорагюмрюк» ярим ҳимоячиси Зеки Йилдирим итни мулойимлик билан кўтариб, майдон четига чиқариб қўйганди.

Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:51, 12.08.2022.
Ўқилди: 4655 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.