“Шаҳрихончи” футбол жамоасининг жорий мавсум Биринчи лига доирасидаги уй учрашувларини Шаҳрихондаги “Марказий” стадионда қабул қилишига шартли равишда рухсат берилган эди.
Дастлаб февраль ойида ЎзПФЛ вакиллари Шаҳрихонда бўлиб, стадионни тўлиқ кўздан кечирган ва мавжуд камчиликлар хусусида илк хулосалар жамоага тақдим қилинган эди. Июль ойида ЎзПФЛ ўз мутахассисларини Шаҳрихонга қайта юборди ва стадиондаги ҳал этилмаётган масалалар ўрганилди. Стадион майдони яхши парвариш қилинмаслиги оқибатида унинг ҳолати қониқарли эмас, майса майдонни тўлиқ қопламаган, кийим алмаштириш хоналарида совутиш тизими мавжуд эмас, ҳакамларнинг кийим алмаштириши учун матбуот ходимининг хонаси ажратилган ва унда ювиниши учун шароит йўқлиги каби ва бошқа масалалар қайд этилган.
Шундан кейин 4 август санасида ЎзПФЛ қилинган ишлар билан танишиш мақсадида яна бир бор мутахассисларини Шаҳрихонга жўнатди. Ўрганишлар натижасида мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича айтарли иш амалга оширилмагани маълум бўлди.
Комиссиянинг кетма-кет уч ташрифидан кейин ҳам талаблар бажарилмаганидан келиб чиқиб, эндиликда ЎзПФЛ “Шаҳрихончи” жамоасининг уй учрашувларини Шаҳрихондаги стадионда ташкил қилмайди. Жамоадан Регламентдан келиб чиқиб, янги учрашувга 15 кун вақт қолгунига қадар ЎзПФЛ рўйхатида мавжуд стадионлардан бири мезбонлик учун тақдим этиш талаб қилинади. Акс ҳолда вазиятдан келиб чиқиб учрашув рақиб жамоа майдонига кўчирилади ёки жамоага техник мағлубият ёзилади. Бундай мағлубиятлар сони 2 тага етса, жамоа мусобақадан четлаштирилади.