Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой 1-3 Япония
19/11 17:00 Индонезия 2-0 Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР 0-1 Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин 1-1 Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон 2-3 Эрон
19/11 21:00 Уммон 0-1 Ироқ
19/11 21:00 БАА 5-0 Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания
20/11 01:00 Боливия - Парагвай
20/11 04:00 Колумбия - Эквадор
20/11 05:00 Аргентина - Перу
20/11 05:00 Чили - Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия - Уругвай

Владимир Шишелов: "Биринчи даврани кўтаринки кайфиятда якунламоқчимиз"

Баҳо:
+ | -

Тажрибали ҳужумчи Владимир Шишелов бу йил яна Ўзбекистонга қайтиб тўпурарлик маҳорати йўқолмаганлиги барчага кўрсатиб қўймоқда. У «Андижон»нинг етакчи ўйинчиси саналади. Айнан Шишеловнинг жамоага қўшилиши олдинги чизиқни сезиларли даражада кучайтирди. Натижада «Андижон» ҳам охирги учрашувларни кўтаринки руҳда ўтказиб мухлисларини хурсанд қилмоқда.

Масалан, улар охирги турда сафарда «Қизилқум»ни 1:2 ҳисобида мағлубиятга учратдилар. Мазкур ғалабада доимгидек Шишеловнинг ҳиссаси катта бўлди. У пенальтидан гол уриб жамоасининг ғалабасига муносиб улушини қўшди. Айнан бу голидан кейин Владимир тўпурарлар орасида еттита гол билан пешқадамликни сақлаб келмоқда. Ўша «Қизилқум» - «Андижон» ўйинидан кейин футболчилар клуб қароргоҳига қайтиб келишгач биз Шишелов билан учрашдик.

- Авваламбор қўлга киритилган ғалаба билан табриклайман?

- Раҳмат.

- Айтингчи, ўйин қандай кечди?

- Бу учрашувда ғалаба қозонишни кўпроқ хоҳлагандик. Шунинг учун астойдил ҳаракат қилдик ва якунда иккита гол уриб уч очкони қўлга киритдик. Тўғри, биз ҳам битта тўп ўтказиб юбордик. Шунга қарамай, ғалаба бизга насиб қилди.

- Ғалабага турлича эришиш мумкин. Масалан, кимдир ёмон ўйнаб ҳам ютиши мумкин. Яна кимдир ўта фаол ўйин орқали ғалаба қозонади. Умуман, бу ютуққа қандай эришдинглар?

- Биз ютдикми, демак яхши ўйин кўрсатдик. Мабодо, ўйинимиз кўнгилдагидек чиқмаганида биз уч очкони қўлга киритмаган бўлардик.

- Умуман айтганда, «Андижон» анчадан бери сафарда юта олмаётганди. Аммо бу нохуш серияга барҳам бердинглар. Бунга қандай эришдинглар?

- Тўғриси мен буни билмагандим. Нима, «Андижон» анчадан бери сафарда ғалаба қозона олмаётганмиди? Мен фақатгина бу йилги мавсумда меҳмонда ҳали ютмаганимизни билардим. Лекин мен учрашувдан аввал буни билмагандим ҳам, ўйламагандим ҳам. Балки жамоадаги бошқа ўйинчилар сафарда узоқ вақтдан бери ғалаба қозона олмаётганини билишгандир. Мен эса буни билмасдан ўйнадим ва ғалаба учун ҳаммамиз боримизни бериб тўп сурдик. Хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ уйда бўлсин ҳар қандай жамоа билан ўйнаса бўлади.

- Сиз бу йилги чемпионатда пенальтидан учинчи марта тўп киритдингиз. Жамоада штатли пенальтист сизмисиз ёки тўпурарлар орасида пешқадамлиқ қилиб голларингиз сонини ошириш учун ҳам бу вазифани ўзингиз бажаряпсизми?

- Йўқ, бундай эмас. Аввалги пенальтиларни ҳам мен бажардим. Чунки 11 метрли жарима зарбасини хатосиз бажараётган футболчига кейинги пенальтиларни бажариш имконияти берилаверади. Бундан ташқари бош мураббий бошида айтганди, агар пенальти белгиланса буни мен тепишимни! 

- Айтиш жоизки, «Қизилқум» клуби сиз учун бегона эмас. Илгари ушбу жамоада ҳам тўп сургансиз. Собиқ жамоангиз қандай таассурот қолдирди?

- «Қизилқум» таркибида ёш ўйинчилар кўпроқ экан ва шунинг учун ёш ўйинчилар ўйнаётганини кўрдим. Аммо маҳорати юқорироқ бўлган футболчилар ҳам йўқ эмас. Бунга Андрей Власичев мисол бўлади. Бу жамоа ёмон эмас. Ўйин жиҳатидан ҳам яхши ўйнашга ҳаракат қилишди. Умуман, менда салбий таассурот қолдиргани йўқ.

- Сизнинг айнан Зарафшондан етишиб чиққанингизни мухлислар билишади. Бундан ташқари Алексей Николаев, Ринат Байрамов каби ўйинчилар ҳам ўша ерда улғайишган. Аммо ҳозирда кейинги авлод бу каби футболчиларни кўрмаяпмиз.

- Балки раҳбарларнинг бу борадаги эътиборлари камайиб кетгандир. Зарафшондан етишиб чиққан футболчилар қаторида мен Дмитрий Кузинни айтишим мумкин. У ўзини кўрсатаётгандек туюлганди. Лекин охирги бир-икки йил ичида «йўқолиб» қолди ва ҳозирда биринчи лигада тўп суряпти. Ҳақиқатдан олдинлари Зарафшондан яхши савиядаги ўйинчилар етишиб чиққанди. Менимча ҳамма нарса эътиборга молик.

- Сиз олдин Молдавия чемпионатида тўпурар бўлгансиз. Россиядаги фаолиятингиз давомида ҳам гарчи тўпурар бўлмаган бўлсангизда рақиблар дарвозасига кўп гол ургансиз. Лекин Ўзбекистонда ҳозирча тўпурар бўлиш сизга насиб этмаган. Балки бу йил энг кўп гол билан энг яхши ҳужумчи бўлиш имкониятингиз юқорироқдир. Нима деб ўйлайсиз?

- Тўғри айтдингиз, Россияда тўпурар бўла олмаганман, лекин Молдавияда чиндан ҳам тўпурар бўлганман. Ҳар бир ҳужумчи кўпроқ гол ургиси келади ва бунинг учун ҳаракат қилади. Лекин мен ҳозирдан энг яхши тўпурар бўлишим ҳақида бир нарса дея олмайман. Ҳаммасини мавсум охирида билиб оламиз.

- «Андижон» жамоаси охирги ўйинларда яхши натижаларга эришяпти. Қизиқ томони шундаки, деярли легионерларсиз ана шундай ижобий натижалар қайд этиляпти. Бу нима билан боғлиқ?

- Буни айнан легионерлар билан боғлаш керак эмас. Улар жароҳатга учрашгач сафдан чиқишди. Ўрниларига эса ёшлар тушириляпти. Шундан кейин жамоамизда натижа ҳам яхшилана бошлади. Бироқ бу билан легионерларимизни жамоага керак эмас деб айта олмайман. Менимча улар таркибимизга қўшилса ўйинимиз бунданда кучаяди.

- «Андижон» кейинги ўйинларни «Шўртан», «Навбаҳор» ва «Бунёдкор»га қарши ўтказади. Кўриниб турибдики, жамоани бир-биридан қийин учрашувлар кутиб турибди...

- Биз очколаримиз сонини янада кўпайтириб биринчи даврани кўтаринки кайфият билан якунлашга ҳаракат қиламиз. Ҳар қандай рақибга қарши ўйнай оламиз.

- Сиз Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ футболчиси ҳисобланасиз. Жаҳон чемпионати охирги саралаш босқичида ўтказган дастлабки иккита ўйини хусусида нималарни айта оласиз?

- Ҳа, терма жамоа ўйинларини кўрдим. Йигитлар яхши ўйин кўрсатишди. Фақатгина омад етишмади холос. Ўйин жиҳатидан умуман эътироз йўқ.

- Ўша иккита учрашувда ҳужумчиларимиз ўзларини кўрсата олишмади. Балки Миржалол Қосимов кейинги учрашувларга сизни ҳам чақириб қолиши мумкин...

- Бу ҳолатда ҳужумчиларни айбламаган бўлардим. Уларда гол уриш учун яхши имкониятлар бўлди. Керак бўлса яқин масофалардан ҳам тўп кирита олмадилар. Лекин бу билан улар ҳақида салбий фикр билдириш ноўрин. Боя айтганимдек, бизга шунчаки омад кулиб боқмади. Қолаверса, бу билан терма жамоанинг ҳужум чизиғини кучсиз деб бўлмайди. Бу – футбол. Энди Миржалол Қосимовнинг мени чақиришига келсак, бу мураббийнинг қарори бўлади. Кимни чақиришини фақат ўзи ҳал қилади. Қолаверса, навбатдаги учрашувгача ҳали уч ой вақт бор. Бунгача эса ҳар нарса бўлиши мумкин.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ ёзиб олди

Манба: www.andijon-pfc.uz
Киритилди: 21:43, 19.06.2012.
Ўқилди: 5994 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.