Кеча ўтказилган Испания-Хорватия ўйинидан кейин интервью берар экан хорватлар устози Славен Билич учрашувни бошқариб борган ҳакамларга ҳеч қандай эътирози йўқлигини айтиб ўтди.
"Мен натижа учун Штаркни айбламайман. Мен Испаниянинг оффсайддан урилди дейилган голини ҳам, Чордукага нисбатан ишлатилагн қўполликни ҳам қайта кўриб чиқдим. Ҳакам ҳам инсон. У ҳам бошқаларга ўхшаб хато қилиши мумкин" дейди Билич. "Мен бировларнинг ҳеч қандай уйдирмаларига учмайман ва ишонмайман."
Шунингдек, ўйинда яратилган энг қулай вазиятдан фойдалана олмаган Ракитич ҳақида ҳам илиқ сўзларни айтиб ўтди.
"Ракитич буюк футболчи. Бизда ўйин давомида ўша пайтда жуда қулай имконият юзага келганди. Бироқ Ракитичнинг зарбасини Касиляс ажойиб сейв билан қайтарди. Ракитичнинг келажаги буюк. У келажакда жамоанинг ажралмас қисми бўлиб қолади. У ҳақиқий жангчи."
Терма жамоада олиб борган фаолияти ва келажакдаги режалари ҳақида гапирар экан Билич терма жамоадан илиқ таассуротлар билан кетаётганлигини айтиб ўтди.
"Мақсадимиз гуруҳдан чиқиб ғолиб бўлиш эди. Бироқ биз мусобақадан чиқиб кетганимиздан хафа бўлдим."
"Ўз ватанинг терма жамоасини бошқариш мураббий учун энг шарафли вазифа. Мен терма жамоада ўтказган вақтимдан қониқдим. Энди эса янги вазифани бошлашим ва олдинга ҳаракат қилишим лозим. Қачондир ортга қайтарман, балки Хорватия терма жамоасини яна бошқаришим мумкин, лекин ҳозир бу ҳақда сўрасангиз, йўқ деб жавоб бераман. Бу иш учун қанчалик куч йўқотилишини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Мен кўп кучимни терма жамоага боғлиқ бўлмаган ишларга сарфладим. (журналистларга қарата) Сизлардан илтимос қилиб сўрайман, мендан кейинги мураббийга ҳам бундай қилманглар" деб мурожаат қилди Билич.