Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Роберто Донадони: «Милан» ва «Интер» бошқалардан устун...»

Баҳо:
+ | -

«Россонерлар»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Роберто Донадони La Gazzetta dello Sport нашрига берган интервьюсида «Милан» ва «Интер» клубларининг «А» серия янги мавсумидаги истиқболи ҳақида гапирди.

У шунинг баробарида узоқ давом этган «тортишиш»лардан сўнг «қизил-қоралар» сафига қўшилган бельгиялик иқтидор - Шарль де Кетеларега катта ишонч билдирди.

- Сизнингча, янги мавсумда ҳам «Интер» ва «Милан» скудетто учун чинакамига кураша оладими?

- Менимча, бемалол. Ҳар ҳолда, ҳозирги манзарага қарасак, айнан шу икки клуб бошқа иштирокчиларга нисбатан яхшироқ тайёргарликка эга. Шунингдек, «Интер»­да ҳам, «Милан»да ҳам нисбатан шаклланган таркиб бор. Қолган барча жамоаларга қандайдир қўшимча куч керакдек туюлмоқда. Масалан, «Ювентус»ни олайлик. Турин суперклуби узоқ йиллик гегемониядан сўнг маълум муддат қийинчиликларни бошдан кечирди ва энди-энди мувозанатни тиклашга ҳаракат қилмоқда. Менимча, «кекса синьо­ра» ҳали чизиқлар бў­йича мукаммалликка эришиши лозим. Жорий мавсум яна «Рома»ни кузатиш ҳам анча қизиқарли. Икки ҳужумкор ярим ҳужумчи ва Абрахамдек тўпурарга эга жамоанинг қандай ўйнаши ҳамма қатори мени ҳам қизиқтирмоқда. Айниқса, Дибаланинг таркибга қўшилгани жамоада иштиёқни оширса, ажабмас. Аммо «Рома»да ўйин тузилмасини қайта тиклаш масаласи бор. Бу вақт­да «Интер» ва «Милан» аллақачон мустаҳкам пойдеворга эга бўлиб улгурди. Қисқаси, Милан клублари чемпионатда маълум устунликка эга.

- «Нерадзурралар» ва «россонерлар» ўртасида ўйин фалсафаси бўйича катта фарқ йўқ эмас. Бинобарин, «Интер» жисмоний кучга кўпроқ таянади, «Милан» эса футболчиларнинг техник салоҳиятларига. Бу фикр­га қўшиласизми?

- Тўғри, шундай. Лекин унутмаслик керак, барчаси клубларнинг ДНК таҳлилига бориб тақалади. «Интер» азалдан жисмонан бақувват жамоа сифатида ажралиб турган. Мисол учун, Эленио Эррера даврида ҳам Сандро Маццола тезлиги, Жачинто Факкетти ва Луис Суареснинг кроссларига кўпроқ таянилган. «Милан» аксинча, техник футбол тарафдори - аниқ йўлга қўйилган ўйин, тўпнинг режа бўйича ҳаракатланиши, дриблинглар ҳисобига майдонда устунлик қилиш... Назаримда, Симоне Инзаги ва Пиоли бошқараётган ҳозирги жамоалар ўтмишдан илдиз отган ғоялар маҳсулидир.

- Шарль де Кетеларени қанчалик яхши биласиз?

- Унча кўп бўлмаса-да, ҳар­қалай, баъзи ўйинларини кўрдим. Шуларга асосан Шарль ҳақида фақат ижобий фикр билдиришим мумкин. Ҳа, у ҳали ёш, муҳими, ҳар томонлама ўсиш учун табиий ресурслари етарли. Жумладан, етакчилик хусусиятларини ҳам ривожлантириш имкониятига эга. Ишончим комил, де Кетеларе «Милан»да йўқолиб қолмайди, аксинча, табиий салоҳиятини янада дадилроқ намоён этади. 

- Умуман, Шарль қандай таснифга мансуб футболчи?

- Биринчидан, турли тактик чизмаларга муаммосиз мослашувчан йигит. Бундай ҳужумчилар ҳар доим ўзгача қадрланган. Айтмоқчиманки, Шарль ўйин услуби бўйича ёпиқ классик трекварт эмас, балки жамоа фалсафаси асосида ҳаракатланадиган, ҳар қандай таркибга мос тушадиган ва астойдил тер тўкадиган футболчи саналади. Унинг меҳнаткашлик хусусияти ҳам таҳсинга сазовор. Мен кўрган ўйинларда ўйиннинг барча босқичларида фаол иштирок этиши билан эътиборимни тортди, ҳар ҳолда. Қисқаси, де Кетеларедаги барча фазилатлар, унинг ўйин динамикаси мени замонавий футболчи ҳақида ўйлашга ундамоқда, шунга умид уйғотмоқда. Замонавий футбол - бу тезлик, босим ва доимий юқори суръат. Шарлда эса буларнинг барчаси мужассам.

- Бироқ де Кетеларенинг Пиоли йўлга қўйган тизим-лойиҳага мос келиш-келмаслик масаласи ҳам бор-ку...

- Унинг мослашувчанлик қобилиятини бежиз тилга олганим йўқ. Ишонаманки, Шарль «Милан» стратегиясига кўникиш учун кўп вақт сарф­ламайди. Тўғри, янги чем-пионатга эндигина қадам ташлаган йигитчадан дарҳол осмондаги юлдузни уриб туширишини кутмаслик керак. Биламизки, Пиоли бошқарувидаги «Милан» кўп жиҳатдан жамоавий ҳаракатлар, позицияларни амлаштириш услуби, вертикал узатмаларга таянмоқда. Менимча, де Кетеларе айни шу тизимда жуда фойдали. Пиоли унга майдонда энг мақбул жойни топиб берса, бас. Хоҳ марказий ҳужумчи орти бўлсин, хоҳ қанот... Яна бир жиҳатни эътиборга олиш керак: Шарль рақибнинг ўз ўйинини кўрсатишига тўсқинлик қилиш борасида ҳам беназир. Хуллас, «Милан» зарур паллада ўйин боришини ўзгаришга қодир келажаги порлоқ футболчига эга бўлди.

- Де Кетеларенинг тўп­урарлик фазилатларини баҳолашга ҳали эрта. Лекин шундай бўлса-да, унинг илк мавсумда лоақал 10та гол маррасига ета олишини тахмин қилиш мумкинми?

- Бунисини фақат авлиё шахс билади. Қайтараман, Шарль жуда кўплаб ажойиб фазилатларга эга, зарбалари чакки эмас, гол уриш иштиёқи ҳам жойида. Тан олиш керак, Ромелу Лукаку яққол фаворит ҳужумчи, аммо бу ҳали ҳеч нарсани англатмайди. Аввалги мавсумга қарасак, «Милан»да кўплаб футболчилар гол уришди, чунки ҳужумда бутун жамоа қатнашди. 

- «Интер»нинг жисмоний кучи ва «Милан»нинг техник салоҳияти - қай бирини устун қўясиз?

- Ҳар доим соф «миланчи» сифатида гавдаланганман, клубга муҳаббат қонимда бор. Шунинг учун бу каби саволларга холис жавоб беролмасликдан қўрқаман. Табиийки, устунликни Пиоли жамоасига беришни хоҳлайман, келинг, яхшиси, «россонерлар»да ўйин қандай ва нималарнинг эвазига ривожланишига кузатайлик. Ажойиб ижрочилик маҳорати бор Рафаэль Леаунинг ниҳоят, борича очилишини кутяпман. Шунингдек, Тоналини ҳам алоҳида кузатаман. Тўғри, «Интер» таркибида ҳам эътиборга лойиқ йигитлар бор. Дейлик, Брозович катта қизиқиш уйғотмоқда, яна Мхитар­яннинг жамоа ўйинига қандай қўшилишини билишга ҳам сабрим чидамаяпти.

- Сизнингча, жорий мавсум халқаро ўйинлар, жумладан, ЖЧ-2022 таъсири қанчалик сезилади?

- «Милан» ҳам, «Интер» ҳам мавсумнинг биринчи қисмини газ педалини қўйиб юбормасдан ўтказиши керак. Спринт-старт ишончни мустаҳкамлаш учун жуда зарур. Такрорлайман, ҳозирги ҳолатда «Милан» ва «Интер» қолган иштирокчилардан бир қадам олдинда, чунки ҳар иккисида ўйин чизмаси аллақачон шакл­ланган. Албатта, Чемпионлар Лигаси ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан катта куч талаб этади. Шундай экан, ротация масаласини асло унутмаслик керак.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 22:47, 26.08.2022.
Ўқилди: 1643 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.