Ҳозиргина ўз якунига етган ўта драматик ва қизиқарли ўтган сўнгги чорак финал баҳсидан сўнг биз ярим финалда Германия терма жамоасига рақиблик қиладиган терма номини билиб олдик.
Ўйиндан олдин кўпчилик бугун ғолиб номини билиб олиш учун асосий вақт камлик қилишини таҳмин қилгани табиий. Шундай ҳам бўлди. Асосий вақтда ҳам, қўшимча вақтларда ҳам ҳисоб очилмади. Аммо, бу баҳс турнирнинг энг эсда қоларли ва энг драматик учрашуви бўлди деб бемалол айта оламиз.
Ўйинни бевосита томоша қилганлар, бутун ўйин давомида "Скуадра Адзурра"нинг устунлиқ қилганини кўрган бўлсалар керак. Ҳали бу турнирда бунчалик ҳужумкор ўйин кўрсатмаган италияликлар асосий вақтнинг ўзида ғалабани илиб кетишлари мумкин эди, аммо англиялик ҳимоячилар бунга қаттиқ қаршилик кўрсатишди.
Умуман олганда, бу баҳснинг статистик кўрсаткичлари кўпчиликни ҳайрон қолдириши табиий. Умумий ҳисобда дарвозалар томон 40 дан ошиқ зарбалар, дарвоза сатҳига 20 га яқин зарба, кўплаб бурчак тўплари. Аммо ҳисоб 0:0. Сабаби оддий. Бугун майдонда Италия ва Англия терма жамоаси тўп сурди.
Ҳакам 120-дақиқада, бир дақиқа ҳам қўшмай ўйинни тугатиб, жамоаларни пенальтилар сериясига бошлаганда кўпчиликнинг нигоҳи икки ажойиб дарвозабонга қаратилди. Кўпни кўрган Буффон, ҳамда келажаги Буффон каби дарвозабонларникидан кам бўлмаслиги кутилаётган маҳоратли Жо Харт.
Андреа Пирлонинг қандай зарба оширганини кўрдингизми? Бундан олдин Монтоливо тўпни қийшиқ тепиб, кейинчалик Руни Англияни серияда ҳисобда олдинга олиб чиққандан кейинги Пирлонинг зарбасини. Бу зарба ҳали кўп эсланади. Умуман бу гол, итальянларни руҳан кўтарган, Жо Хартни эса аксинча, руҳан бироз синдиргандек бўлди. Бу ёғига Италия ҳато қилмади. Икки адаш - Эшлилар эса Буффоннинг олдида ўзларини йўқотиб қўйишди. Италия ярим финалда Германияга қарши баҳс олиб борадиган бўлди
Англия - Италия 0:0 (Пенальтилар сериясида 2:4 )
Англия: Харт - Джонсон, Терри, Лескотт, Коул - Милнер (Уолкотт, 61), Джеррард, Паркер (Хендерсон, 94), Янг - Руни - Уэлбек (Кэрролл, 61)
Италия: Буффон - Абате (Маджо, 90+1), Бонуччи, Барцальи, Бальдзаретти - Де Росси (Ночерино, 80), Пирло, Маркизио, Монтоливо - Кассано (Дьяманти, 78), Балотелли
Огоҳлантиришлар: Барцальи, Маджо