Ўзбекистон профессионал футбол лигаси Диёр Имомхўжаев телеграмдаги канали орқали таниқли мутахассис Алишер Никимбаевнинг телеграмдаги "пост"ига жавоб қайтарди.
Аввалроқ Никимбаев қуйидаги мазмунда хабар қолдирганди:
"Миш-мишларга қараганда, Испания футбол федерацияси испаниялик мураббийларга, токи Ўзбекистонда ишлаш икир-чикирларини ўрганмаганча, юртимизда ишлашни тақиқламоқчи.
Дастлаб "Сурхон" бош мураббийи захира ўриндиғида планшетдан фойдалангани учун жаримага тортилди.
Энди эса "Металлург" бош мураббийи Ўзбекистон кубоги баҳсининг асосий вақтида фойдаланилмаган ўйинчи алмаштириш имкониятидан нима учун қўшимча бўлимларда фойдалана олмаслигини тушунмаяпти.
Испаниялик мураббийлар қизиқ одамлар экан. Юртимизга келиб, барчаси ўзлари кўникканидек бўлишини исташади".
--------------------------------------------
Диёр Имомхўжаевнинг жавоби эса қуйидагича бўлди:
"Ҳам профессионал, ҳам оммавий футбол югур-югури билан бўлиб, айрим масалаларга вақт ажрата олмаяпмиз. Қуйидаги икки масалада позициямизни билдиришимиз керак (кечроқ бўлса ҳам).
Тартиб-интизом қўмитаси "Сурхон" клубининг испаниялик мураббийини планшет ишлатгани учун майдондан четлатгани йўқ. Футболчилар ҳаракатини масофадан туриб текширишда ас қотадиган планшет, ноутбук каби воситалардан фойдаланишда тақиқ ҳам йўқ. Испаниялик мураббий планшет орқали учрашувни жонли эфирда томоша қилган ва ҳар сафар такрорий лавҳаларни бош ҳакамга кўрсатишга уриниб, вақтини зое кетказган, кейинчалик қўполлашишни бошлаган. Қатор тушунтиришлар самара бермагач, ҳакам уни майдондан четлатган. Чунки эътироз бу тариқа билдирилмайди. Регламентда ҳакамлар қарорига шикоят киритиш тартиби алоҳида тушунтириб ўтилган. Шунчаки айрим кишилар планшет учун қизил берди деб ёзди ва ПФЛ ёмонотлиқ қилиниши учун шароит яратди. Фитначилар сизга фақат 1 та ракурсни кўрсатиб, бошқаси яширади.
"Металлург"нинг испаниялик бош мураббийи Ўзбекистон Coca-cola кубогидаги футболчи алмаштириш масаласига эътирозини билдирди. Ваҳоланки, унга йил аввалида Регламент тақдим этилган, шундан келиб чиқиб, "Металлург" таклиф киритиши мумкин эди (Луисма Эрнандес яқинда келмади, у ўтган йил ҳам клубда ишлаган). Шунчаки "Металлург" кубокда мағлуб бўлди ва мусобақа билан хайрлашди. Буни изоҳлашда энг осон йўл, Регламент ёки учинчи томонни саволга рўбаро қилиш. ФИФА ва унинг низомларини, у ҳатто испаниялик бўлган тақдирида ҳам, биздан яхшироқ билмайди (биз ҳам футболчиларни шуғуллантиришни ундан яхшироқ билмаймиз, албатта). Мутахассис чет элники дегани – унинг даҳо эканини англатмайди. ПФЛ очиқ ташкилот, агар келаси йил ҳам Ўзбекистонда ишламоқчи бўлса, таклифларини бериши мумкин. Уни ўрганиб чиқишга тайёрмиз".