Донецкдаги "Донбасс-Арена"да Испания ва Португалия терма жамоалари ўртасида Евро-2012 нинг дастлабки ярим финали ўтказилди. Учрашувда пенальтилар сериясига кўра испанлар кейинги тўрт йилда ўтган икки йирик турнирдагидек яна финалга йўл олишди.
Испания яна финалда. Сўнгги йирик турнирларнинг финалларига мунтазам равишда йўл олаётган испанларга қойил қолмай илож йўқ. Испания кетма-кет уч маротаба Европа ва жаҳон чемпионати финалига йўл олган тарихдаги илк терма жамоага айланишди. Бу оддий натижа эмас. Улар иштирокидаги сўнгги иккита ўйинни зерикарли бўлди деганлар, албатта ораамизда йўқ эмас. Шундай бўлсада, бу ўйинларда улар рақибларидан кўра яхшироқ ҳаракат қилишгани, кўп жиҳатларда устунлик қилишгани ҳақиқат.
Бугунги ўйинни ҳам мазкур ЕВРОнинг энг зерикарли ўйинларидан бири бўлишига деярли шубҳа қолмаганди. Аммо, асосий вақтнинг сўнгги 10 дақиқасида ва қўшимча 30 дақиқанинг деярли барчасида испанлар ўйин тизгинини бутунлай ўзгартириб юборишнинг уддасидан чиқишди.
90 дақиқа вақт давомида Руи Патрисиу қўриқлаётган дарвоза сатҳига бир маротаба ҳам зарба йўллай олмаган испанлар, қўшимча вақтда ўйин тақдирини ҳал этишгаа жуда яқин турган эдилар. Аммо бир вазиятда Иньестанинг зарбасини Руи Патрисиу қайтарган бўлса, қолган вазиятларда "Қизил Фурия"га бироз омад ва аниқлик етишмади.
Ўйин эса пенальтилар сериясигача боришига кўпчиликда шубҳа йўқ эди. Шундай ҳам бўлди.
Пеналти тепишда деярли адашмайдиган Хаби Алонсонинг зарбасини португалияликлар дарвозабони қайтарганида, кўпчиликнинг ҳаёлидан испанлар финалдан қуруқ қолди деган фикр ўтган бўлиши табиий. Аммо Икер Касильяс дарҳол барчасини ўз жойига туширди ва Алонсодан кейин пенальти тепишга шайланган Моутиньонинг зарбасини қайтарди.
Бу ёғига эса асаблар жанги. Бу жангда эса, тажрибалироқ ва маҳоратлироқ йигитларнинг қўли баланд келди. Португалия терма жамоаси ҳимоячиси Бруно Алвешни Криштиану Роналду ҳали анчагача эслаб юрса керак. "Зенит" ҳимоячиси, пенальтилар сериясида энг сўнгги, бешинчи зарбани тепишга тайёр турган Ронлдунинг умидини чиппакка чиқарди. Сеск Фабрегас эса Испанияни кетма-кет иккинчи финалга олиб чиқди.
ЕВРО-2012. ЯРИМ ФИНАЛ
ПОРТУГАЛИЯ – ИСПАНИЯ 0:0
Пенальтилар серияси бўйича — 2:4
Португалия: Патрисиу, Жоау Перейра, Пепе, Алвеш, Куэнтрау, Велозу (Куштодиу, 106), Мейрелеш (Варела, 113), Моутинью, Нани, Роналду, Угу Алмейда (Оливейра, 81).
Испания: Касильяс, Арбелоа, Пике, Рамос, Альба, Бускетс, Хави (Педро, 87), Алонсо, Сильва (Навас, 60), Иньеста, Негредо (Фабрегас, 54).
Пенальтилар серияси:
0:0 – Хаби Алонсо (ноаниқ)
0:0 – Жоау Моутинью (ноаниқ)
0:1 – Иньеста (аниқ)
1:1 – Пепе (аниқ)
1:2 – Херард Пике (аниқ)
2:2 – Нани (аниқ)
2:3 – Серхио Рамос (аниқ)
2:3 – Бруно Алвеш (ноаниқ)
2:4 – Фабрегас (аниқ)
Огоҳлантиришлар: Рамос (40), Коэнтрау (45), Бускетс (60), Пепе (61), Жоау Перейра (64), Арбелоа (83), Алвеш (86), Велозу (90), Алонсо (113).
Бош ҳакам: Жунайд Чақир (туркия)
27 июнь, «Донбасс-Арена». 48000 томошабин