"Интер"нинг 34 ёшли янги футболчиси Франческо Ачерби 18 сентябрь куни бўлиб ўтадиган "Удинезе"га қарши ўйинда Милан клуби сафида дебют қилиши мумкин. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport нашри хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ачерби "Интер"га Римнинг "Лацио" клубидан бир йиллик ижара асосида ўтган эди. Шу билан бирга, “нерадзуррилар” мавсум якунида сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади, бироқ эҳтимолий шартнома миқдори ҳозирча номаълум. Италиялик футболчини “Лацио”даги фаолиятидан таниган бош мураббий Симоне Индзаги шахсан Франческонинг трансферига қизиқиб қолганди.
Ачерби ҳали "Интер" сафида дебют қилганича йўқ. Ҳимоячи ёзда "Монца"га эркин агент сифатида борган Андреа Раноккия ўрнига олинганди.