Россиянинг Чемпионат.соm нашри мухбирлари кеча бўлиб ўтган ярим финал учрашувидан кейин микст-зонада Балотеллидан интервью олишга муваффақ бўлишди. Учрашув қаҳрамонининг гапларини сизга ҳам улашишга қарор қилдик.
Германия терма жамоасига қарши ўйиндан кейин учрашув қаҳрамони Марио Балотелли Вапшавадаги миллий стадиондаги микст-зонадан ўтиб кетаётганида қулоғида "наушник" тақиб олганча қандайдир куйга рақсг тушаётганди.
Очиғи, унинг кайфиятини кўриш, ўша вазиятда уни кузатиш ёқимли эди. Шунда италиялик бир қатор журналистлар унга қараб "Марио", "Марио", деб бақириб қолишди. Марио эса ҳеч нарсани эшитмас ва йўлда давом этарди. Шунда терма жамоа матбуот котиби келиб уни тўхтатди ва журналистларга интервью беришга ундади. Шу пайти Балотелли қаршисида 20тадан ортиқ диктофонлар па йдо бўлди.
— Мен голларимнинг иккаласини ҳам онамга бағишлайман, гап бошлади учрашув қаҳрамони. У бугун стадионда эди. Захирага чиққанимдан кейин унинг ёнига бориб: "Она, бу голлар сиз учун аталган", дедим. Мен бу вақтларни жуда узоқ кутдим. Онамнинг ёши ўтиб қолган. Аммо шунга қарамай у мени кўргани, мухлислик қилгани Варшавага келди. Киевдаги финалга эса отам ҳам келмоқчи. Умуман ота-онам, яқинларим мени қўллаб-қувватлаб турса, бу менга қўшимча куч беради ва янада яхшироқ ҳаракат қиламан.
— Энди сенинг ҳисобингда 3та гол бор ва яна битта захирада учрашув турибди...
— Умид қиламанки, мен финалда ҳам гол киритиб Европа чемпионати тўпурари деган номни қўлга киритаман. Бунинг учун бор кучимни ишлатишга тайёрман. Шунингдек бугун киритган голларимда шерикларим Антонио Кассано ва Рикардо Монтоливоларни алоҳида қайд этмасдан иложим йўқ. Улар мени шунчаки ҳайратланарли тўп узатишлар билан таъминлашди.
— Сизни нега алмаштиришди?
— Иккинчи бўлим ўрталарида оёғимда бироз оғриқ сездим. Албатта бундай кичик жароҳат билан бир неча дақиқа ўйнашим мумкин эди. Мураббий эса бу пайтда захирани тайёрлаб қўйган экан.
— Италияга, Италия чемпионатига қайтишга тайёрмасмисиз?
— Йўқ, ҳозир эмас. Мени "Манчестер Сити" фанатлари жуда яхши кўришади. Мен уларни хафа қилишни хоҳламайман. Биз Англия терма жамоасини мусобақадан чиқариб юборганимизга қарамай, бу муҳаббат ўзгармаслигига ишонаман.
— Энди сизлар чемпион бўлишингиз учун бир қадам қолди. Финалдаги рақиб Испания терма жамоаси ҳақида нималарни ўйлаяпсиз?
—Битта гап айтишим мумкин: Биз ғалаба учун барча кучимизни ишга соламиз. Ҳозир биз қийин учрашувдан кейин тикланиб олишимиз зарур кейин эса финалда майдонга тушиб ўз ўйинимизни кўрсатсак кифоя. Бу менинг фаолиятимдаги энг яхши кеча бўлди, бироқ умид қилманки, келаётган якшанба бундан ҳам яхшироғи бўлади.