2022 йилнинг энг кўп мaoш олувчи футболчилари номига аниқлик киритилди. Рўйхатнинг кучли ўнталигидан биз яхши таниган номлар жой олган. Фақат биттагина масала: ким қайси поғонада жойлашган? Қуйида шу саволга жавоб излаб кўрамиз.
Килиан Мбаппе дунёдаги энг кўп маошга эга футболчи саналади. 23 ёшли француз, 2022 йилнинг аввалида "Реал Мадрид"га ўтиши кутилаётганди. Аммо Мбаппенинг қарори ўзгарди. У "ПСЖ" билан 3 йиллик янги шартномага имзо чекди. Ушбу битимнинг умумий қиймати 500 миллион фунтни ташкил этади. Мбаппенинг мега-шартномаси футболчини 2025 йилга қадар Парижда олиб қоладиган бўлди. Қолаверса, айнан шу битим сабабли ҳужумчи дунёнинг энг катта маош олувчисига айланди. Мбаппе ҳозир "ПСЖ"да бир мавсум давомида 91 миллион фунт олмоқда. Бундан ташқари 17,3 миллион фунт, унга қўшимча тижорий ҳамкорликдан келиб тушади. Айни дамда у билан дунёнинг етакчи брендлари ҳамкорлик қилмоқда. Улар ичида "Nike", "Hublot", "Electronic Arts", "Oakley" ҳамда "Christian Dior" каби машҳур компаниялар бор. Килиан, дастлаб, "Монако" сафида порлайди. Шундан сўнг, 2018 йилда ПСЖ" уни 166 миллион фунтга сотиб олади. Ҳозирга қадар у парижликлар сафида 225 та баҳсда 181 та гол уришга эришган.
Дунёнинг иккинчи энг кўп маошга эга футболчиси бу Криштиану Роналдудир. "МЮ" юлдузи спорт оламида энг кўп тилга олинадиган номга эгалик қилади. Шу сабабали, Роналду йиллик даромадининг 52 миллион фунтини тижорий ҳамкорликдан олади. Португалияликнинг энг йирик ҳамкорлари "Nike", "Tag Heuer" ҳамда "Herbalife"дир. Роналду, шунингдек, "Манчестер Юнайтед"даги бир мавсумлик хизмати учун 45,9 миллион олади. Бу эса АПЛдаги энг баланд кўрсаткич саналади.
Етти марта "Олтин тўп" соҳиби бўлган Месси Роналдудан кейинги поғонага жойлашган. Унинг йиллик даромади 95,3 миллион фунтга тенгдир. Худди бошқалар каби Аргентина терма жамоаси аъзоси ҳам даромадларининг анча қисмини тижорий ҳамкорликдан топади.
"ПСЖ" 2017 йилда сотиб олган футболчиси бўлган Неймарга ҳам катта маош тўлайди. 30 ёшли футболчи йилига 78,9 миллион фунтни қабул қилиб олади.
Рўйхатнинг бешинчи ўринида мисрлик юлдуз Муҳаммад Салоҳ келтирилган. Вингер йилига 34,2 миллион фунт ишлаб топади. Бу эса "Ливерпул"даги энг юқори кўрсаткичдир.
Собиқ "Челси" вакили Эден Азар майдонда кам кўрингани билан даромадлари ёмон эмас. Унинг йиллик маоши 27,1 миллионга тенг.
Айни дамда Япония чемпионатида ҳаракат қилаётган "Барселона" афсонаси Адреас Иньеста, 26 миллион фунтни бир йилда ишлаб олади. Унинг ҳозирги жамоаси "Виссел Кобе", испанияликка шундай шароитни яратиб берган.
АПЛ юлдузи бўлган Стерлинг "Челси" таркибига келиб қўшилди. Бу эса унинг йиллик маошини 25,5 миллион фунтга етказди. "Манчестер Сити" сардори Кевин Де Брюйне эса 25,1 миллион олади. У ўз клубидаги энг катта маошга эга футболчи ҳисобланади.
Топ-10 таликдаги сўнгги вакил бу Жаҳон чемпиони Антуан Гризманндир. Ҳужумчи айни дамда "Атлетико" сафида ижара асосида тўп тепмоқда. У 23,8 миллион фунт маблағни бир йиллик меҳнати учун олади. Ундан ташқари 4,8 миллион фунт французга турли хил ҳамкорлик ва тижорий лойиҳаларда қатнашгани учун тақдим этилади.
ИСМАТОВ Ж.