Англия терма жамоаси сафарда Италияга имкониятни бой бериб қўйган эди. Миллатлар лигаси доирасида кечган ушбу ўйин шуни кўрсатдики, Англия турнирнинг кейинги форматини Б лигада бошлайди. Инглизларни гуруҳда биргина Германияга қарши баҳс кутиб турибди. Кўп эҳтимол, бу ўйин ҳеч нарсани англатмайди. Айниқса, Англия учун. Қуйида сиз билан Англиянинг Қатарда бўлиб ўтадиган мундиалга қандай асосий таркиб танлашини муҳокама қиламиз. Унда собиқ "Арсенал" футболчиси Пол Мерсоннинг танлови кўриб чиқилади.
"Уч Шерлар" йилнинг энг нуфузли мусобақасини гуруҳда Эрон билан ўйиндан бошлайди. Ушбу баҳс 21 ноябрда старт олади. Собиқ Англия ҳамда "Арсенал" ярим ҳимоячиси Мерсон Саутгейтнинг ушбу баҳс учун танловини тахмин қилиб кўрди. Унга кўра, таркиб қуйидагича кўриниш олади.
Кайл Уокер ҳамда Жон Стоунз марказий ҳимояга қўйилади. Александер-Арнольд ҳамда Киран Триппьер эса қанотда ҳаракат қилади. Деклан Райс мудофаага энг яқин кўмакчи сифатида таянч ҳудудидан жой олади. Мейсон Моунт ва Фил Фоденлар эса ҳужумга ёрдам бериш учун вазифалантирилади. Ҳужум триосидан Харри Кейн (марказда), Раҳим Стерлинг (чапда) ҳамда Маркус Рэшфорд (ўнгда) ўрин олган.
Ушбу таркиб ижтимоий тармоқларга юкланидан кейин кўпчилик мухлисларда эътироз уйғотди. Улардан бири шундай ёзади: "Ҳаммамиз Саутгейтнинг Магуайрни севишини биламиз-ку. У ҳар қандай ҳолатда ҳам Магуайрни асосийда майдонга туширади. Ҳатто, у ўйиндан бир кун олдин оёғини синдириб олса ҳам".
Иккинчи инглиз мухлисидан эса бундай фикр янгради: "Трент 4 талик ярим ҳимоячи услубида қанчалик тўғри қарор бўлади? Менимча, у ҳозир 5 талик тизимда яхшироқ ҳаракат қилади. 4 таликда эса у билан анча кучсизланиб қоламиз".
Учинчи бир инсон Twitter'да шундай деб ёзган: "Сака жамоадаги энг яхши футболчилардан бири. У Евро-2020да зўр кўринган эди. Қолаверса, у клуби сафида ҳам ривожланишда давом этмоқда. Нега уни асосийга киритишмаган? Камига 4 та ҳимоячидан бор-йўғи 1 таси марказий ҳимоячи. Тушуниб бўлмайди".
Англия Италияга қарши ўйинида айрим номлардан фойдалана олмади. Улар ичида терма жамоага илк бор чақирув олган Айван Тоуни ҳам бор эди. Аммо у Италия билан баҳсда, ҳатто, қайдномага ҳам киритилмаган. Шунингдек, Калвин Филлипс ўринини эгаллаган Жордан Хендерсон ҳам майдонга туширилмади. Рўйхатда ҳимоячилар Марк Гехи ва Бен Чилвелл ҳам бор. Қолаверса, июнь ойида Венгрия билан ўйинда қизил карточка билан жазоланган Стоунз ҳам Италия билан ўйнай олмади. Эндиликда, улар Германияга қарши баҳсни кутишга мажбур.
ИСМАТОВ Ж.