Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Одил Аҳмедов: «Анжи» юртимизга меҳмонга келади

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчи футболчиси, ҳозирда Россиянинг “Анжи” жамоасида тўп сураётган Одил Аҳмедов матчлар орасидаги танаффус сабаб уйда эканлигини эшитганимиз заҳоти у билан учрашишга шошилдик. Суҳбат давомида Осиёнинг энг яхши футболчиси бўлмиш Одилнинг ўта камтар ва самимийлигини кўриб, очиғи ҳайрон бўлдик. Келинг, суҳбатни ўқиб бунга ўзингиз ҳам амин бўлинг.

— Одил, аввалло фарзандли бўлганингиз билан табриклаймиз.

— Раҳмат. Москвада рафиқам шифокор кўригидан ўтганида май ойининг бошларида фарзандли бўласизлар дейишганди. Лекин ҳеч қанча вақт ўтмай акам қўнғироқ қилиб “ўғилли бўлдинг, суюнчи бер” деб қолди. Тўғриси ҳазиллашяптими деб ўйладим. Дадам билан гаплашганимдан кейингина бу гап ростлигига ишондим. Биринчи ўғлимнинг исми Беҳрўз эди. Кичкинтойимизга Шоҳрўз деб исм қўйдик.

— Футбол сиз учун...

— Футбол, бу — мени ҳаётим. Ҳамма нарсага футбол орқали эришдим, усиз яшашни тасаввур қилолмайман. Дунё кўряпман, мухлислар, дўстлар орттиряпман. Қолаверса, футбол ота-онамдан кейин тарбиямда муҳим ўрин тутади.

— Футболга қизиқишингизни ким шакллантирган?

— Дадам ёшлигидан футболга қизиққан. Футболчи бўлишни ният қилганларида уйдагилари рухсат беришмаган экан. Қондан ўтган шекилли оилада барчамизнинг футболга меҳримиз баланд. Ҳозир мендан ташқари укам ҳам шу соҳада. Дадамнинг орзуси амалга ошмагани учун бизнинг футболчи бўлишимизга барча шароитни яратиб берганлар.

— “Пахтакор”га жамоасига қўшилишингиз қандай кечган?

— Аввал “Локоматив”да тўп сурганман. Ўша пайтда клубда шароит жуда қийин эди. Яшайдиган жойимиз йўқлиги учун базада яшаганмиз. Бу нарса кўпчиликка ёқмасди. Ич-ичимдан хўрлигим келиб, “нега футболчи бўлдим-а?” деб афсусланган пайтларим ҳам бўлган. Лекин сабр билан ҳаммасини енгиб ўтдим. Ҳозир ўша кишиларга раҳмат айтгим келади. Агар ўшанда қийинчиликларни бошимдан ўтказмаганимда ҳозир бу даражага эришмаган бўлардим...

— Бундан бир неча йиллар илгари футболда иқтидоринг ҳисобга олинмайди, таниш-билишинг бўлиши лозим деган гаплар юрарди...

— Бўлмаган гап. Неча йилдан буён футбол ичида юрибман, лекин терма жамоамизда умуман бунақа гап йўқ. Терма жамоа бу ватанимизнинг юзи. Яшил майдонда тўп сурадиган юртимизнинг ҳар бир йигити терма жамоа сафида бўлишни орзу қилади.

— Терма жамоадаги биринчи голингиз?

— Ливан терма жамоасига қарши ўйнаганимизда 1-0 га ютганмиз. Ўшанда 3 очко келтирганман. Ҳозиргача ўша матчни эсласам ҳаяжонланиб кетаман. (кулади).

— Дунё юлдузлари билан битта майдонда тўп суряпсиз. Улардан нималарни ўрганяпсиз?

— “Анжи”да кучли проффесионаллар жам бўлган. Улар яхши футболчи бўлиш билан бирга яхши инсон ҳамдир. Ўйиндаги ҳар қандай кўнгилсизлик 90 дақиқадан кейин унутилади, яъни барча араз-гиналар майдон ичида қолади. Майдондан ташқарида аҳил оиладек яшаймиз. Жамоадошларим юртимиз ҳақида жуда яхши фикрлар билдиришади. Бошқа бир миллат вакилидан юртингиз ҳақида чиройли фикр эшитсангиз, қандайдир ифтихор туйғусини ҳис қиласиз. Насиб қилса, сентябр ойида бутун жамоани юртимизга меҳмонга олиб келмоқчиман.

— Футболчи бўлмаганингизда қайси касбни эгаллаган бўлардингиз?

— Санъатга жуда қизиқаман. Мендан яхши қўшиқчи чиқмаслиги мумкину, лекин шу соҳага таалуқли бирор йўналишда ишлашим мумкин эди.

— Қачондир сизни актёр сифатида кўришимиз мумкинми?

— Билмадим. Лекин ўзимни актёр сифатида тасаввур қилолмайман. Яна ким билсин... Буни вақт кўрсатади. Ҳаётда актёр бўлиб юрганимиз етарли менимча (кулади). Кино соҳасига қизиқаман, режиссёрлардан Акбар Бектурдиевнинг ижоди жуда ёқади.

— Кўпроқ кимларнинг қўшиқларини эшитасиз?

— Чет элларда юрсангиз ватангиздаги санъаткорларнинг ҳаммасини эшитгингиз келаверади. Уларнинг қўшиқлари ватан соғинчини бироз босади.

— Ютқизганингизда йиғлаган пайтингиз ҳам бўлганми?

— Албатта. Мухлислардан ўн карра кўпроқ қийналаман. Кечаси билан ухлолмасдан, ўша вазиятларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида ўйлаб чиқаман. Ўша руҳиятдан чиқиб кетишим қийин кечади. Тўғриси, ютқизишни жуда ёмон кўраман. Нега деганда, ютсак телефонимга 30-40тадан ортиқ табриқ СМСлари келган бўлади. Юздан ортиқ қабул қилинмаган қўнғироқлар туради. Лекин ютқизган кунимиз... битта онам қўнғироқ қилади. Онамнинг бир оғиз “ болам яхшимисан?” деган гапидан ўпкам тўлиб кетади... Ўша пайти ўйлаб қоалман она меҳри нимдан яралган экан?..

— Футболда кумирингиз ким?

— Зайниддин Зидан.

— “Барселона” ва “Реал”? Қайси бирида тўп суришни истардингиз?

— “Барселона”нинг ўйини ёқади. Шу сабаб Каталония клубини танлаган бўлардим.

— Жаҳон чемпионатига чиқа оламизми?

— Навбатдаги Жаҳон чемпионатига чиқишга астойдил уриняпмиз. Ҳозирги терма жамоамиз аввалгидан анча яхши. Энг сўнгги нафасимизгача бунга ҳаракат қиламиз. Жаҳон чемпионатига чиқиш учун бизда шароит ҳам, имконият ҳам бор. Фақат бундан унумли фойдаланишимиз керак.

— Ўйин пайтида томошабинларнинг хатти-ҳаракати руҳиятингизга таъсир қиладими?

— Албатта, таъсир қилади. Ўйин давомида кимдир сизни қўллаб турса, руҳан тетик бўласиз, қўшимча куч дегани. Бошқа давлатларда тўп тепганимизда кўз олдимда бир нарса гавдаланади: юртимиздаги мухлисларнинг телевизор қаршисидаги нигоҳини ҳис қилиб тураман. Ҳаттоки, уларни койишларини ҳам сезиб тургандек бўламан.

— Одил Аҳмедов қачонгача футбол ўйнамоқчи?

— Куч-қувватим бўлса, қирқ ёшимгача.

— Режаларингиз?

— Ҳозирдан келажак учун замин тайёрлаяпман. Балки футболдан кейин шоу бизнесга ўтиб кетарман?

— Акангиз продюсерлик ва актёрлик маҳоратини намоён қиляпти...

— Акамнинг болаликдаги орзуси шу эди. “Салом севги, хайр севги” фильмидаги ижросини кўриб хурсанд бўлдим. Акам бўлгани учун эмас томошабин сифатида қараганимда ҳам биринчи роли ёмон чиқмаган. Ҳозир Москва билан ҳамкорликдаги яна бир лойиҳа устида ишлаяпти. Акамнинг асосий мақсади ўзбек киноси учун ўз ҳиссасини қўшиш. Спорт билан санъатни бирлаштирмоқчи.

— Барибир иқтисодий масалалар бўйича сиз яқиндан ёрдам бераётган бўлсангиз керак?

— (кулиб) Болаликдан акамнинг бир одати бор. Ўқишга кетар маҳалимиз акам иккаламизга бир ҳафталик бир хил пул бериларди. Лекин акам икки кунда пулини тугатиб, мендан сўрашни бошларди. Аввалига роса кулдириб, кейин қарз бериб тур, эртага қатараман” деб олиб кетарди. Лекин ҳеч қачон қайтармасди (кулиб). Ҳалигача шунақа. Бу ҳазил эди, акам учун қўлимдан келган ҳамма ишни қиламан. Иккаламизнинг ҳам мақсадимиз битта. Ватанимизга ўз соҳамиз бўйича муносиб хизмат қилиш. Бу қайси йўналиш бўлишидан қатъи назар Ўзбекистон номини дунёга олиб чиқиш.

Манба: darakchi.uz
Киритилди: 09:04, 07.07.2012.
Ўқилди: 5576 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.