АГМК жамоаси устози Миржалол Қосимов "Сўғдиёна" устидан қозонилган ғалабадан (2:0) сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Беллашув ҳақида гапирадиган бўлсам, биз кутгандек жангавор ва кескин курашларга бой ўйин бўлди. Ҳар икки жамоа ҳам ғалаба илинжида майдонга тушган эди. Ўйинда омад бизга кулиб боқди. "Сўғдиёна" жуда яхши шаклланган жамоа ҳисобланади. Таркибда иқтидорли ва тажрибали футболчилар етарлича.
Бугун дарвозабонимиз Ботирали Эргашев жуда яхши ҳаракат қилди. Биринчи бўлим бошида бир қанча вазиятларда жамоамизни яққол голдан сақлаб қолди. Биз эса ўзимизда бўлган имкониятлардан яхши фойдаландик. Иккинчи бўлим ҳам кескин курашларга бой бўлди. Дарвозамизга пенальтидан белгиланганда ҳам яна Ботирали катта саҳнага чиқди. Бежизга дарвозабон ярим жамоа дейилмайди. Бугунги ўйин ким гол урса, ўша жамоа ғалаба қозонадиган баҳс эди.
Ушбу ўйин энди тарихда қолди. Эндиликда келгуси ўйинларга тайёргарлик кўришимиз зарур. "Сўғдиёна"га эса 5 октябрь куни бўладиган ОФК кубоги ярим финал баҳсида чин дилдан фақат ва фақат омад омад тилайман", - деди Қосимов.