«Барселона» сотиб олган футболчиларининг пулларини ҳали тўлиқ тўламаган.
Catalunya Radio нашрининг хабарига кўра, «кўк-анорранглилар» Ферран Торрес учун «Манчестер Сити»га 52 миллион евро тўлаб бериши лозим.
Каталонияликлар вингерни 2022 йилнинг бошида харид қилганди. Унинг трансфер нархи 55 миллион евро эди. Ҳозирча «Барселона» Торрес учун 3 миллион евро тўлади.
Шунингдек, Барселона клуби Филиппе Коутиньо, Миралем Пьянич, Сержиньо Дест ва Френки де Йонгнинг ҳам трансфери учун пулни тўлиқ тўлаб бермаган.
«Ливерпуль» 2019 йилда жамоадан кетган Коутиньо учун 14 миллион евро олиши лозим. Ҳозирда бразилияликнинг трансфер ҳуқуқи «Астон Вилла»га тегишли. Инглиз клуби «Барселона»га 10 миллион евро тўлаб беради.
Каталонияликлар «Ювентус»дан Миралем Пьянич учун 36 миллион евро қарз. «Аякс» эса Френки де Йонг ва Сержиньо Дест трансферларидан 40 миллион евро атрофида олади. «Барселона» де Йонг учун 32 миллион, Дест учун эса 10 миллион евро тўлаб бериши керак.