Кутилганидек, «Реал» ўйин услубига енгилгина мослашиб олган германиялик Антонио Рюдигер Sport1 нашрига берган интервьюсида футболчилик ҳаётидаги сўнгги муҳим воқеликларни таҳлил қилди.
Оддий айтганда, бақувват марказий ҳимоячи «Қироллик клуби» сафига қўшилиши сабабига яна бир бора тўхталди, шунингдек, бош мураббий Карло Анчелотти билан ҳамкорликдан яйраётганини алоҳида таъкидлади.
- Тушунарлики, «Реал»нинг мавсум стартидаги ажойиб натижаларида Карло Анчелоттининг ўрни беқиёс. Бу борада нима дейсиз?
- Мутлақо тўғри фикр. Ҳозирги натижалар адолатли, муҳими, барча йигитлар жамоа сифатида ишлашдан ўзгача завқланишяпти. Жумладан, ўзим таркибга ҳеч қандай муаммосиз мослашдим. Тўғриси, фаолиятим давомида бошқа бирор жамоа ўйинига бу қадар енгил киришиб кетмагандим. «Реал»да ҳаммаси идеал бўлди!
- Айтишларича, Анчелоттига ўз қўлингиз билан барбекю пишириб берибсиз. Бу илтифотми ёки...?
- Тасодифий ҳолат. Оилам билан янги уйга кўчиб ўтгач, яқинларимга кабоб пишириб беришга чоғландим ва энди ишга киришганимда, бирдан эшик қўнғироғи жиринглади. Очиб қарасам, қаршимда Карло Анчелотти турибди. Албатта, ҳайрон қолдим ва табиийки, уни ичкарига таклиф қилдим. Хуллас, дон Карло янги уйдаги илк меҳмонимиз бўлди, биз билан бирга овқатланди ва шу баҳона оилам билан танишиб олди. Оддий, жуда камтарин инсон. Дон Карло чамаси 2 соат биз билан чақчақлашиб ўтирди, бу орада турли мавзуларда гаплашдик. Очиғини айтаман, бундай ҳолатга биринчи марта дуч келдим. Ҳар ҳолда, бирор мураббий уйимга бориб, оилам ва ҳаётга қарашим билан яқиндан танишмаганди. Мана, бир неча ойдан буён Анчелотти қўл остида ишлаяпман ва қатъий ишонч билан эътироф этаман: футболчилар кўнглига йўл топиш, ўзаро мулоқот ўртанишда унга етадигани йўқ. Ваҳоланки, дон Карло афсонавий мураббий, дейлик, ЧЛда кубок йиға бошлаганида, ҳали ёш болакай эдим. Дунёнинг энг зўр клубида шундай мураббий билан ҳар куни бирга ишлаш - фантастика!
- Ўзи ёшликда кимга кумир сифатида қарагансиз?
- «Реал»да ёрқин из қолдирган Пепе мен учун асосий намуна эди, ҳамиша унга ўхшашни хоҳлаганман. Пепе рақиблар билан «жанг»га киришган видеолавҳаларни қайта-қайта томоша қилардим. Ўша вақт жуда ёш бўлсамда, ҳаммага нисбатан ўта қаттиққўллик билан қаршилик қила олишимни кўрсатишга интилардим. Пепе қанчалик кучли ижрочи бўлганини сўз билан ифодалаш қийин. Нафақат яккакурашлар ёки тўқнашувлар, балки ўйинларга ёндашувда ҳам. Тўғри, бугун мадридликлар Пепе майдондан ташқарида ўта хотиржам йигит бўлганини айтишяпти.
- Жамоада сизга қандай мурожаат қилишяпти?
- Бизда Тони бор - Кроос. Мени эса мураббийлар исмим билан чақиришади. Тўғри, йигитлар бироз қисқароқ вариантни маъқул кўришмоқда - Руди. Албатта, улар аллақачон мутлақо ақлдан озган йигит эканлигимни билиб олишди.
- «Реал» кийиниш хонасида янграйдиган мусиқалар маъқул тушяптими?
- Тасодифий мусиқа қўйилмайди. Бунга Карим Бензема масъул - у кийиниш хонаси бошлиғи (кулади). Муаммо йўқ, Карим танлаган мусиқаларга чидаш мумкин.
- Сизни янги клубдошларингиздан айнан ким кўпроқ ҳайратда қолдирди?
- Тони Кроос, албатта. Биз терма жамоада ҳамиша яхши муносабатда бўлган ва бир-биримизга ҳурмат билан қараганмиз. Шундай бўлсада, жуда кам мулоқотга киришардик. Эҳтимол, вақт камлиги учундир... Мана, Мадридда бутунлай бошқа Тони Кроос билан танишдим! У испан тилида жу-да яхши гапиради, самимий ва жуда очиқ йигит. Тони илк кунларданоқ мени тил масаласида қўллаб-қувватлади ва бошқа жиҳатларда ҳам ёрдамини аямади. Асосийси, Кросс - ўта хотиржам йигит.
- Энди Мадридга кўчиб ўтишингиз тафсилотлари ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
- Олдимда икки вариант бор эди: «Челси»да қолиш ёки «Реал» таклифини қабул қилиш. Германия Бундеслигаси эса жиддий вариант эмасди. Ҳаммасини апрель ойи охирларида аниқлаштирдим. Лекин трансфер масаласи ҳал бўлишига қадар акам мени бироз саросимага солди. Бинобарин, ЧЛ чорак финалида айнан «Реал»га қарши ўйнадик. Биринчи ўйинда мағлубиятга учрагач, у тўсатдан огоҳлантирди: «Тони, ўтишинг амалга ошиш-ошмаслигини билмайман! Жавоб учрашувида бор ҳунарингни кўрсатишинг шарт». Бундан бошим айланиб кетди ва айни шу огоҳлантириш ҳам менга ўзгача туртки бўлди.
- «Сантьяго Бернабеу» таъсирида қандайдир сир борми?
- Трибуналар узоқ вақт сукут сақлайди, ҳамма жим ўтиради, кейин бирданига стадион ларзага келади ва рақиб шунчаки, «музлаб» қолади, гўё. Фикримча, «Реал» мухлислари футболни жуда яхши тушунишади ва қачон жамоа билан бир тан бўлиш кераклигини аниқ билишади.
- Ўтган мавсум Мадридда чиройли «камбэк» қилишингларга оз қолганди...
- Эҳ, Тимо Вернер ҳисобни 3:0га етказгач, ўзимча ўйладим: «Бўлди, «Реал» пишди!» Ҳеч бир жамоа финал ҳуштаги чалинишига 10 дақиқа қолган паллада «Челси»даги каби ҳолатга тушмаганди, ҳаттоки, Мадридда ҳам. Ўшанда маҳаллий мухлислар ўз жамоаларига қарши чиқиб, норозилик оҳангида ҳуштакбозлик бошлашларини кутганим ҳам рост. Аслида бироз ҳазиллашишни ўйладим (кулади). Аммо бунга асос йўқ эди. Мухлислар биз эмас, «Реал» гол ургандек бақиришарди. Шунда стадион ҳавоси бироз қўрқув солди. Яна 4 дақиқадан кейин Модрич оёғининг ташқи томони билан фантастик узатма берди ва ҳаммаси ағдар-тўнтар бўлиб кетди.
- «Реал» либосини кийгач, қандайдир ўзгача босимни сездингизми?
- Клубнинг кучи мислсиз даражада катта. Ташқаридан қараб, буни озми-кўп тасаввур қилиш мумкин, лекин барчасини шахсан бошдан кечириш - бутунлай бошқача. Бу ерда ҳаммаси ғалаба йўлига қаратилган. Бошқа вариант йўқ. Лука, Тони ёки Карим каби йигитларга қарар эканман, ҳайратдан ёқа ушлайман... Улар шу қадар хотиржамки, ҳаттоки, финалга ҳам энг оддий ўйиндек қарашади.
МУҲАММАДХОН тайёрлади