Ўзбекистон миллий терма жамоаси Иорданияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушиши мумкин. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
11 сентябрь куни Миржалол Қосимов шогирдлари ЖЧ-2014 IV саралаш босқичининг 3-турида Жанубий Кореяни қабул қилишади. Унга қадар эса халқаро футбол уюшмаси ФИФА тақвимидан жой олган 2та халқаро ўртоқлик учрашувлари куни мавжуд. Ўзбекистон футбол федерацияси 15 август ва 7 сентябрь саналарида миллий терма жамоа учун ўйин ташкил этиб бериш ҳаракатини давом эттирмоқда.
15 август санаси учун Иордания миллий терма жамоасидан таклиф бор. Осиё Кубоги-2011 чорак финалида Ўзбекистондан мағлуб бўлган мамлакат бош жамоаси Миржалол Қосимов шогирдларини Амманга чорламоқда. Яқиндагина терма жамоани қабул қилиб олган Қосимовнинг ўзи эса учрашувга Тошкент мезбонлик қилиши тарафдори. Биринчи навбатда Жанубий Кореяга қарши ўйин Тошкентда бўлиб ўтса, иккинчи навбатда миллий терма жамоа яқин вақт ичида пойтахтда ўртоқлик ўйини ўтказмаган. Икки томон бу борада ўзаро келишувга эришса, Иордания 15 август кунги рақиб бўлиши мумкин. Учрашув Амманда ташкил этилса, у фақатгина 1та эмас, балки 2та ўйиндан иборат бўлиши борасида ҳам режа йўқ эмас.
Қайд этиш керак, Ўзбекистон футбол федерацияси шунингдек 7 сентябрь кунги ФИФА куни учун ҳам бир қатор мамлакатлар билан музокара олиб бормоқда. Миллий терма жамоа орадан тўрт кун ўтиб Жанубий Кореяга қарши ўйнаши инобатга олинса, 7 сентябрь кунги ўйин фақат ва фақат Тошкентда ўтказилиши лозим.