Бундан бир ёки икки йил илгари турли платформаларда унинг ўйини аввалгидек эмаслиги ҳақида айтиб бошлаганимизда бизни хейтларга кўмиб ташлашар, куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлашар эди. Бугун эса балки ўша мухлисларнинг ўзи ҳам воқейликни қабул қила бошлаб, баъзилар ҳатто энди Роналдуни устидан кулиб бошлашгач, кишининг бироз ғаши келмоқда.
Роналду исботлаши керак бўлган нарсаси қолмаган футболчи. Ҳа, у ва унинг даража жиҳатдан доимий ҳамроҳи ҳам жаҳон чемпиони бўлмаган, аммо замонавий футболда тугал афсона бўлиш учун бу шарт эмас, менимча.
Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам биз Криштиануни ҳурмат қилганимиз учун муносабатларда куйинганмиз. Фаолиятини вақтида якунлаш ҳақида мулоҳаза қилганмиз. Ишимиз шу, фикр билдирамиз, фикр қабул қиламиз, баҳслашамиз, қўшилмаймиз ёки қўшиламиз — табиий.
Кеча Месси бўлажак мундиал ўзи учун охиргиси бўлишини айтибди. Роналду ҳали бундай деганича йўқ. Лекин yнда ҳам шундай ўй бўлса ажабланмайман.
Жуда истардим, Қатар-2022 иккиси учун муваффақиятли ўтишини. Бу қийиндир, иложиси йўқдир, лекин натижа ўлароқ бўлмаса ҳам, ўйин эътибори билан шундай ўтсин. Улар голлар урсин, жамоачини узоқроққа олиб борсин. Бири агар уддаласа чемпион қилсин. Хуллас, якун футбол маъносида гўзал ўтсин.
Ориф Толипов.