Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ўзбекистон (U19) ёшлар терма жамоасининг ОЧ-2012га қадар режаси тасдиқланди

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон (U19) ёшлар терма жамоасининг Осиё чемпионатига қадар бўлган режаси тасдиқланди. БАА мезбонлик қиладиган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати шу йилнинг 3-17 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.

Режага кўра Аҳмаджон Мусаев шогирдлари 15-28 июль кунлари Тошкент вилоятининг Дукент шаҳарчасида йиғин олиб боришади. Унинг доирасида маҳаллий клублар билан камида 3та ўртоқлик ўйини ўтказиш режалаштирилган.

Навбатдаги йиғин эса августнинг 10-17 саналарига мўлжал қилинди. Унда Эрон ёшлар терма жамоаси Ўзбекистонга ташриф буюради ва Ўзбекистон ёшларига қарши 2та ўртоқлик ўйинида майдонга тушади.

Қайд этиш керак, Ўзбекистон ва Эрон ёшлар терма жамоалари Осиё чемпионати саралашининг сўнгги иккитасида бир гуруҳдан жой олишган. Уларнинг ҳар иккаласига Эрон мезбонлик қилган бўлиб, 2010 йилгисида Ўзбекистон, 2012 йилгисида эса Эрон дастлабки ўрин билан қитъа чемпионатига йўл олган. Аҳмаджон Мусаев шогирдлари шу йил бўлиб ўтган ўазро ўйинда 0:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, саралаш гуруҳини иккинчи ўринда якунлашганди. Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлари амалдаги чемпион КХДР, шунингдек, Вьетнам ва Иордания термалари билан бир гуруҳдан жой олган. Эрон эса «А» гуруҳида Кувайт, Япония ҳамда мезбон – БАА синовида бўлади. Августнинг иккинчи ўн кунлигида эса бу икки азалий рақиб Ўзбекистонда тўқнаш келишади. Режага кўра ҳар иккала ўйин Самарқанд шаҳрида ташкил этилади. Улар 12 ва 15 августда бўлиб ўтади.

Ўзбекистон (U19) ёшлар терма жамоасининг сентябрь ойидаги йиғини ҳам ҳал этилган. 2-8 сентябрь кунлари Вьетнам мамлакати ёшлар терма жамоалари ўртасида халқаро турнир ўтказади ва унда Ўзбекистон шарафини Аҳмаджон Мусаев шогирдлари ҳимоя қилишади. Турнирдаги рақиблар ва унинг формати ҳақида кейинроқ маълумот берилади.

Ва ниҳоят октябрь ойидаги ҳал қилувчи йиғин катта эҳтимол билан Саудия Арабистонида бўлиб ўтади. Мамлакат футбол федерацияси бу борада ЎФФга таклиф билан чиққан. Унга кўра ҳар икки мамлакат ёшлар терма жамоалари ўзаро 2та ўртоқлик ўйини ўтказишади. Бунинг яхши томони, Осиё чемпионати бўлиб ўтадиган БАА ва Саудия Арабистони мамлакатлари об-ҳавоси бир-бирига жуда яқин. Бу ҳал қилувчи йиғинда Ўзбекистон ёшларига қўл келади. Ҳозирча йиғиннинг қайси саналарда ўтиши маълум эмас. Агар у октябрнинг сўнгги ўн кунлигида ташкил этилса, Ўзбекистон ёшлари қитъа чемпионатига Саудия орқали йўл олишлари катта эҳтимол.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг олдига Осиё чемпионатида ярим финалга қадар етиб бориб, жаҳон чемпионатига йўл олиш вазифа қилиб қўйилган. 2010 йил Хитойнинг Зибо шаҳри мезбонлик қилган Осиё чемпионатида бу вазифа уддаланмаган. Гуруҳда амалдаги чемпион КХДР мағлуб этилиб, юз фоизлик натижа қайд этилганига қарамай, чорак финалда Саудия Арабистонига имконият бой берилган – 1:2. Ундан икки йил аввалги Саудия Арабистони мезбонлик қилган қитъа чемпионатида Аҳмад Убайдуллаев бошқарувидаги Ўзбекистон ёшлари финалга қадар етиб бориб, Миср мундиалида иштирок этишганди. Бу Ўзбекистон ёшларининг иккинчи муваффақияти бўлиб тарихга кирган.

Манба: www.the-uff.com
Киритилди: 12:34, 11.07.2012.
Ўқилди: 4875 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.