Суперлига 21-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Динамо” (2:0) баҳсидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Самвел Бабаян жамоада дебют қилган футболчи, жамоадаги ички муаммолар, тақвим ва режалар ҳақида фикр билдирди.
“Жамоамиз бугун жуда кўп вазиятлар яратди, бу яратилган вазиятлар бемалол уч тўрт ўйинга етарди. Афсуски самарадорлик даражаси кутганимиздек эмас. Бугун клубимиз тарбияланувчиси асосий таркибда дебют қилди ва бу бизни қувонтирди. Унинг келажаги ҳали олдинда”, - деди мутахассис.
“Бугун яна икки нафар футболчимиз жароҳат олди. Шифокорлар ҳозир уларни текширишаяпти. Мавсум якунида шифокорларимизга иш кўпаяди. Чунки, жароҳатлар кўпайди. Мавсум охирида бу табиий ҳол. Футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш керак. Муаммоларимиз етарли. Ўйин борасида ҳам муаммоларимиз бор. Машғулотлар давомида бу борада ишлаймиз”.
“Мирлан Мурзоев оилавий муаммолари туфайли биздан рухсат олди ва унга вақтинча жавоб бердик. Футболдан ҳам муҳимроқ масалалар бор. Буни тўғри қабул қиламиз. Олдинги турда жароҳати бор Марушични майдонга тушириб таваккал қилган эдим, афсуски у шундан кейин жароҳатини янада кучайтириб олди. Ҳозир тикланишни давом эттирмоқда”.
“Тақвим борасида менда эътироз йўқ. Ўйинлар орасида 3-4 ёки 4-5 кун вақт бор. Қолаверса, ФИФА кунлари ва миллий терма жамоамизнинг йиғинлари бор. Буни тўғри қабул қиламан. Режаларимизни шунга қараб тузамиз.”