"Интер" ҳужумчиси Лаутаро Мартинес Чемпионлар лигаси 4-тури доирасидаги "Барселона"га қарши ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида бир қатор саволларга жавоб берди.
Жумладан, аргентиналик ҳужумчидан бир неча йил аввал “Барселона”га ўтиш эҳтимоли ва ҳозирги ўйин формаси ҳақида сўралган.
“Мен жамоадошларимга ёрдам бериш ва ҳар куни яхшиланиш учун ишлайман. “Интер” рамзи эканлигимдан жуда фахрланаман. "Барселона" билан музокаралардан бери кўп йиллар ўтди, ҳозир мен "Интер"даман ва бу жамоа учун боримни бераман.
“Барселона”да маҳорат борлигини биламиз, аммо бу ерда дуранг натижадан хурсанд бўлмаймиз.
Менинг голсиз сериям? Мен хотиржамман, жамоа учун ишлайман. Ҳар бир ҳужумчида шундай даврлар бўлади ва голлар сиз кутмаган вақтда келади", - дея Мартинеснинг сўзларини келтиради Inter News.