Бокс бўйича Осиё чемпионати бошланишига оз вақт қолмоқда. Ушбу мусобақага Ўзбекистон аёллар терма жамоаси вакиллари ҳам қизғин тайёргарлик кўришмоқда. Биз тайёргарлик жараёни юзасидан аёллар терма жамоаси бош мураббийи Элшод Расуловнинг фикрлари билан қизиқдик.
— Осиё чемпионатига тайёргарлик қандай ўтмоқда?
— Иорданияда ўтказиладиган Осиё чемпионатига тайёргарлик яхши давом этмоқда. Айни пайтда тайёргарликнинг сўнгги босқичини олиб боряпмиз. Ўқув-машғулот йиғини пойтахтимизда, Ўзбекистон бокс федерациясида ўтказилмоқда.
— Иорданияга борадиган якуний таркибни аниқлаб олдингизми?
— Айни пайтда бизда 20 нафар боксчи назоратимизда. Осиё чемпионати учун эса 10 нафар боксчини танлаб оламиз. Демак, ҳозирча якуний таркиб аниқ эмас. Қитъа биринчилигида 10 та вазн тоифасида иштирок этамиз. -81 кг ҳамда +81 кг вазн тоифасидаги қизларимиз баъзи сабабларга кўра мусобақада қатнашишмайди. -48, -50, -52, -54, -57, -60, -63, -66, -70, -75 кг вазн тоифаларида боксчи қизларимиз Осиё чемпионатида медаллар учун курашишади.
— Таркиб нима асосида шакллантирилади?
— Асосий таркибда 20 нафар қизимиз бор. Улар ўз вазнларида Ўзбекистонда 1 ва 2-рақам ҳисобланишади. Тайёргарликдан қайси спортчиларимиз муваффақиятли ўтса, ким рухан ва жисмонан тайёр бўлса мураббийлар штаби билан биргаликда айнан ўшаларни танлаб оламиз.
— Асосий рақиб сифатида қайси мамлакат боксчилари кутилмоқда? Хитой хам танаффусдан сўнг Осиё чемпионатида қатнашиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
— Яхши биласиз, Осиёда аёллар боксчи яхшигина ривожланган ва кучлилар кўп. Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Япония, Корея, Таиланд, Хитой Тайпейи каби мамлакат қизлари биз учун асосий рақиб ҳисобланишади.