«Реал» ҳужумчиси Карим Бензема «Олтин тўп»ни қабул қилиб олишга жиддий ҳозирлик кўрганини қўлидаги соати билан ҳам билинтириб қўйди.
Франциялик янги лауреат Париждаги маросимда баҳоси 435 минг фунтга тенг Richard Mille қўл соатини кўз-кўз қилди. Таққослаш учун айтсак, Бенземанинг сўровдаги рақибларидан бири Роберт Левандовски маросимга Cacio брендига мансуб оддий соатни танлади. Marca маълумотига қараганда, ушбу қўл тақинчоғининг баҳоси жуда паст - атиги 52 фунт.
Умуман, 34 ёшли Карим Бензема тақдирлаш маросимида ўзига хос кийиниш услубини кўрсатди. Танланган услуб унга саҳнада жумладан, деярли ярим миллион фунт турадиган Richard Mille соатини яққол реклама қилиш имконини берди. Таъкидланишича, Бенземанинг қўл соати унга энг мураккаб даврларни эслатиб туради. Аниқроғи, Матьё Вальбуэна билан юзага келган машҳур можаро туфайли Франция терма жамоасидан ҳайдалгани, «Реал»да эса Криштиану Роналду соясида қолиб кетганини. Айтишларича, Каримнинг севимли матоҳи махсус буюртма асосида тайёрланган. Ўз ўрнида айтиш керак, ҳужумчи «Реал»да ҳафтасига 275 минг фунт миқдорида маош олади. Йиллик иш ҳақи эса 62,5 миллион фунтга етади. Бас шундай экан, Бензема учун бундай қимматбаҳо соат олиш чўт эмас. Ахир атиги 2 ҳафталик маоши етади.
«Олтин тўп» учун яна бир даъвогар Роберт Левандовски эса маросимда ҳаммаси оддийроқ бўлишини маъқул кўрди. У маросимга рафиқаси Анна ҳамроҳлигида борди, қўлида эса 52 фунтлик Cacio соати бор эди. Польшалик голеадор «Барселона»да Каримга нисбатан деярли икки баравар кам маошга эга - ҳафтасига 150 минг фунт. Иккинчи томондан, Леваголнинг йиллик даромади 75 миллион фунтни ташкил этади. Қисқаси, умумий топиши Бенземаникидан яхшироқ.
Алоҳида факт: Бензема яқин орада Левандовскидан икки марта устун келди. Биринчиси - Карим «Эль-класико»да гол урди ва «Реал» асосий рақиби «Барселона»ни осонгина (3:1) мағлуб этди. Иккинчиси - Бензема «Олтин тўп» сўровида 1-ўринни олди, Левандовски эса 4-поғона билан чекланди. Бунга қўшимча тарзда франциялик тўпурар дабдабали қўл соати масаласида ҳам польшаликдан яққол устун кўринди.