Жаҳон чемпионати бошланишига саноқли кунлар қолмоқда. Бутун дунё энг нуфузли мусобақа стартини интизорлик билан кутмоқда. Яқиндагина "BCA Research" агентлиги томонидан таҳлил ўтказилди. Унда ишга солинган суперкомпютер турнир баҳслари натижаларини тахмин қилди. Қуйида шу ҳақида сўз боради.
Берилган маълумотлардаги тахминларда Аргентина чемпион бўлиши айтилади. Месси бошчилигидаги жамоа финалда Португалияни мағлуб этади. Тарихда Португалия ҳеч қачон Жаҳон чемпионати финалида ўйнамаган. Аммо бу сафар суперкомпютер Фернанду Сантуш шогирдлари имкониятини юқори баҳоламоқда.
Англия бу сафар ҳам ўтган мундиалдаги натижасини такрорлаши айтилган. Инглизлар ярим финалгача етиб боради ва у ерда Португалияга пенальтилар сериясида енгилади. 2006 йилги Жаҳон чемпионатида ҳам бу икки жамоа тўқнашган. Ўшанда чорак финал баҳсида Португалия пенальтиларда ғалабага эришган.
Англия терма жамоаси B гуруҳида ўрин олган ва гуруҳ баҳсларини етакчи сифатида тугатиши тахмин қилинган. Гарет Саутгейт жамоаси Эрон билан ўйинда 84 фоиз ғалаба қозониш эҳтимолига эга. АҚШ билан эса бу кўрсаткич 54 фоизни ташкил этади. Уэлс билан баҳсда Англиянинг ғалаба қозониш имкониятлари 77 фоиз экани айтилган.
Плей-оффда инглизлар Сенегални мағлуб қилади. Чорак финалда эса Мексика билан тўқнаш келиб, устунликка эришади.
Англия, шунингдек, чорак финалда Франция билан ҳам тўқнаш келиши мумкин. Аммо амалдаги чемпионлар D гуруҳини иккинчи ўринда тугатиши эҳтимоли билан бу воқеа юз бермайди.
Англия терма жамоасининг собиқ устози Сэм Эллердайс инглизларни Жаҳон чемпиони бўлишига ишонмоқда. У Англиянинг Қатардаги имкониятларини ўта юқори баҳолашини билдирган.
ИСМАТОВ Ж.