Икки кун аввал Санъат Шарипов ўзбекистонлик футболчилар борасида ўз фикрини билдириб, Саудиянинг "Аш-Шабоб" клуби Сервер Жепаровни сотишга қарор қилгани ҳақида ўз Твиттери орқали хабар бериб ўтганди. Бундан Жепаровнинг жаҳли чиққан кўринади ва футболчи ҳам ўз Твиттери орқали қуйидагиларни ёзди:
"Мен ўзини "Агент" ҳисоблайдиган одамларни тушунмайман. Улар аниқ вазиятни билмасдан туриб, менинг номимни жамоат олдида тилга олишга уринишади. Мен ҳақимда бундай миш-мишларни тарқатишга ким ҳуқуқ берди? Бунинг сабаби шундаки, мен бу "Агент" (Санъат Шарипов)га менинг трансферимда иштирок этишни рад қилиб, уни мен орқали комиссион маблағни ишлаб олишдан кўп марта маҳрум қилганман. Менга бу сценарий таниш. Одил Аҳмедовнинг трансферида ҳам унга рад жавоб берилганида, бундай субъектив фикрлар ва ижобий бўлмаган хулосалар ушбу "Агент" томонидан Одил ҳақида ҳам ёзилган. Назаримда, мен ҳам у билан қандайдир "левый" шартнома имзолаб, кейинчалик терма жамоанинг баъзи аъзолари каби бундай "Агент"дан қутулиш учун ҳаракат қилиб юришим керакмиди?!" дея ёзади терма жамоа сардори С.Жепаров.
"Умуман олганда, Агентлар футболчиларга қарам бўлган ходимлар ҳисобланади. Агар унинг бўш вақти кўп бўлса, уни регламент ва футболнинг бошқа қонунларини ўрганишга сарфласа яхши бўларди. Сўнгги пайтларда реклама қиладиган ҳеч нарсаси қолмаган шекилли, футболчиларга кераксиз маслаҳатларни бериш орқали ўзини пиар қилишга қарор қилган. Ҳар ким ўз иши билан шуғуллангани маъқул. Футболчиларнинг жисмоний ҳолатини баҳолайдиган мутахассислар бор. Агар футболчи чемпионатда бирорта ҳам ўйинда мағлубиятга учрамай, Саудия Арабистони чемпиони бўлса, қандай ёмон ўйин ҳақида гап бўлиши мумкин?", дея ёзишда давом этади Сервер.
"Менимча, "Агент" (Санъат Шарипов)ни менинг жисмоний ҳолатим, айниқса, терма жамоанинг ўйинлари ва мени қанчага сотиб олиб, қанчага сотишгани эмас, балки футболчиларни араб клубларига ўтказиш қийин бўлиши хавотирга солади. Бу орқали у пул ишлашдан маҳрум бўлади. Агент тахминий фикрларни ёзгандан кўра, Саудия Арабистонига келиб, жамоа ичидаги муҳит, яшаш тарзи, инсонларнинг ўзаро муносабатлари, футболчилар қандай об-ҳавода ўйнашаётганини ўз кўзи билан кўрса яхши бўларди", дея фикрларини якунлайди Сервер Жепаров ўз Твиттерида.