Яхши биласиз, бугунги кунда спортда нафақат жисмоний, балки руҳий тайёргарлик ҳам катта аҳамиятга эга.
Шу мақсадда Ўзбекистон бокс федерацияси шу кунларда Амманда ўтказилаётган Осиё чемпионати вақтида терма жамоамиз вакиллари учун махсус психолог жалб этди.
Тажрибали психолог, катта тажрибага эга Муфиза Хўжа Нурилла жанглардан олдин ва кейин терма жамоамиз билан ушбу йўналишда иш олиб бормоқда. Қайд этиш лозимки, бундай йирик мусобақалар вақтида руҳий тайёргарлик катта аҳамият касб этади. Шуни инобатга олган ҳолда, федерациямиз мазкур йўналишда ҳам ишларни йўлга қўйган. Психолог спортчилар билан гуруҳ ҳамда индивидуал тарзда режа асосида суҳбатлар ташкил этмоқда. Ўз навбатида спортчилар ўзларини қизиқтирган савол билан мутахассисга мурожаат қилиш имконига эга бўлишмоқда.
Ёдингизда бўлса, шу йил май ойида ўтказилган аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати вақтида ҳам терма жамоамиз қизлари билан махсус психолог иш олиб борганди. Федерация ушбу анъанани давом эттирган ҳолда, Осиё чемпионати вақтида ҳам психолог ёрдамидан фойдаланишга қарор қилган.
Маълумот учун, Муфиза Хўжа Нурилла Ботировна Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясида ҳам самарали фаолият олиб бормоқда. Таэквондочиларимизнинг муваффақиятида, ҳусусан Токио Олимпиадасида Улуғбек Рашитов томонидан қўлга киритилган олтин медалда ҳам мутахассиснинг хизматлари улкан.